Қонун лойиҳасида белгиланишича, тўлов миқдори аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда белгиланади. Йўлдан фойдаланиш тўлови иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган даражада бўлиши шарт.
Муҳим жиҳатлардан бири — ички ишлар, тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги каби махсус хизмат машиналари пулли йўллардан бепул фойдаланиши мумкин. Бу қарор аҳоли хавфсизлиги ва шошилинч хизматлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида киритилган.
Ҳужжатда йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш, лойиҳалаш жараёнида аҳоли фикри ҳамда атроф-муҳитга таъсирни ҳисобга олиш белгиланмоқда. Шунингдек, пиёдалар учун қулай муҳит яратиш талаблари ҳам киритилган.
Қонун коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплашни мажбурий қилади. Шундан ташқари, оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чегара қўйилади, йўл бўйи хизмат объектларини жойлаштириш тартиби белгилаб қўйилади.
Парламент қуйи палатасида моддама-модда муҳокама қилинган қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди. У амалга кириши билан мавжуд йўллар сифатини сақлаш, пулли йўллардан фойдаланиш тартибини белгилаш ва соҳада хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон пулли йўллари қурилиши 2026 йилга қолдирилган эди.