Путин: «Россия жавоб зарбасига тайёр ва стратегик таҳдидлардан чўчимайди»

08:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат ҳар қандай стратегик хавф-хатарга жавоб беришга тайёрлигини таъкидлади.

Putin sb

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қатор баёнотлар билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, стратегик барқарорлик соҳасида вазият тобора ёмонлашмоқда ва бунда Ғарбнинг «вайронкор қадамлари» асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Путиннинг таъкидлашича, ядровий қуролга эга давлатлар ўртасидаги мулоқотнинг пойдевори жиддий равишда издан чиққан. «Россия бир неча бор стратегик барқарорлик муаммолари ҳақида огоҳлантирган, аммо Ғарб бундай огоҳлантиришларга қулоқ солмаган», — деди у.

Давлат раҳбари АҚШ билан ракета-ядровий ва стратегик ҳимоявий қуролларни назорат қилиш бўйича тузилган келишувлар деярли тўлиқ йўқ қилинганини эслатди. Унинг таъкидлашича, Россия ҳозир ўзининг тийиб турувчи кучларига ишонч билдирмоқда ва улар самарали ҳамда ишончли ҳисобланади.

Путиннинг айтишича, Москва ракета-ядровий қуролларни жойлаштиришда мораторийдан воз кечишга мажбур бўлган, бироқ Россия қуролланиш пойгасидан манфаатдор эмас. Шу билан бирга, у Стратегик ҳужум қуроллари-3 шартномасини сақлаб қолиш муҳимлигини қайд этди ва унинг бекор қилиниши катта хато бўлишини билдирди.

Россия президенти АҚШга амалий таклиф ҳам киритди: агар Вашингтон ҳам шунга рози бўлса, Москва келишувда назарда тутилган миқдорий чекловларга риоя қилишда давом этади. Путинга кўра, Россия шартнома кучини йўқотгандан кейин ҳам бир йил давомида ундаги талабларни бажаришга тайёр.