Россияда жазо ўтаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисми, яъни 60 фоизи гиёҳвандликка оид жиноятлар учун қамалган. Бу ҳақда
Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи Мунира Низамова маълумот берди.
Маълумотларга кўра, россиялик ҳуқуқ-тартибот идоралари қайд этган жиноятларнинг 60 фоизи гиёҳвандликка оид. Иккинчи ўринда жинсий зўравонлик (12 фоиз), кейин эса қотиллик (7 фоиз), соғлиққа оғир зарар етказиш (5 фоиз), ўғрилик (4 фоиз) ва фирибгарлик (3 фоиз) туради. Қолганлари турли тоифадаги жиноятлардир.
Мунира Низамованинг сўзларига кўра, бу жиноятлар ортидан Россия аэропортларида ўзбекистонлик йўловчиларга нисбатан текширувлар кучайтирилган, текширувлар ўртача 6–8 соат давом этади, баъзи ҳолларда эса 10–12 соатгача чўзилади. Бу ҳолат аёллар ва болали оилалар учун катта қийинчилик туғдирмоқда.
ТИВ вакили айни пайтда Россия, Қозоғистон, Корея ва Туркиядаги депортация марказларида қамоқда бўлган ўзбекистонликлар билан доимий учрашувлар ўтказилаётганини билдирди. Дипломатик миссия ходимлари уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга профилактика ишларини ҳам олиб бормоқда.
Масъул шахснинг таъкидлашича, кўплаб ўзбекистонликлар хорижга ишлаш ёки ўқиш мақсадида кетаётганда маҳаллий қонун-қоидалар ва миграция талаблари ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Бу эса уларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, айрим фуқаролар билиб туриб ҳам катта даромад излаб жиноятга қўл уриш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Ўзбекистондаги маҳалла назорати ва оила таъсиридан ташқарида қолган айрим фуқаролар чет давлатларда урф-одатлар ва қонунларга риоя этмасдан, ғайритабиий хатти-ҳаракатларга йўл қўймоқда. Бу эса нафақат уларнинг ўзларига, балки мамлакат обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, дейди Мунира Низамова