Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Фарғона вилоятида «Ровот» чегара божхона постида тўхтатилган Cobalt автомашинасининг газ баллонидан 53 дона ўрамда яширилган 50 кг 852 гр опий ва 6 кг 927 гр гашиш аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, моддалар Душанбедан шаҳридан олиб келаётганлиги маълум бўлган.
Самарқанд вилоятида эса Ургут туманида яшовчи шахс Gentra автомашинасида 981 грамм героин билан қўлга олинди. Автомобил Нарпай туманида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Наманганда «Андижон – Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган ВАЗ 2106 автомашинасидан ҳам 1 кг 833 гр гашиш топилган. Қўшимча равишда, айбланувчилардан бирининг уйидан яна 1 кг 469 гр гашиш чиққан. Терговга қадар текширув давомида, улар бу моддаларни келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келингани аниқланди. Таъкидлаш лозимки, ака-укаларнинг каттаси – муқаддам айнан наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳисобланади.
Яна бир ҳолатда, Қирғизистон фуқароси Андижонда 3 кг 949 гр гашишни 28 минг долларга сотиш пайтида ушланган. Маълум бўлишича, у наркотикни муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан қолдириб кетилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойдан олган.
Барча ҳолатларда айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.