23 сентябр куни эрталаб соат 07:13 атрофида Бангкокдаги Важира шифохонаси олдидан ўтувчи Самсен йўлининг бир қисми тўсатдан ёрилиб, улкан чуқур ҳосил бўлди. Чуқурнинг ўлчами тахминан 30 метрга 30 метр бўлиб, чуқурлиги 50 метрга етди. Ҳодиса натижасида жабрланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Бангкок маъмурияти маълум қилишича, икки электр устуни ва полиция машинаси чуқурга қулаган. Важира шифохонасидаги амбулатор хизматлар тўхтатилиб, 3,5 минг бемор хавфсизлик чораси сифатида эвакуация қилинди. Яқин атрофдаги уйлар аҳолиси ҳам ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди.
Дастлабки текширувларга кўра, йўл вайрона бўлган ҳудуд метро қурилишига тўғри келади. Бангкок губернатори Чадчарт Ситтипунтнинг айтишича, чуқур шифохона станцияси тепасида, туннел ва станция кесишган жойда юзага келган. Ер остидаги грунт массаси туннелга оқиб тушган, натижада қурилмалар вайрон бўлиб, йирик сув қувури ҳам шикастланган.
Ҳокимиятлар хавфни камайтириш учун сув ва электр таъминотини узди. Шунингдек, туннелдаги ёриқни беркитиш, атрофдаги бинолар ҳолатини баҳолаш, грунт ҳаракатини кузатиш ва йўл ҳаракатини бошқариш бўйича фавқулодда чоралар кўрилмоқда.
Бангкок маъмурияти маълум қилишича, ҳозирги асосий хавф ёғингарчилик билан боғлиқ, чунки ёмғир суви ернинг яна ҳам шўнғиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Вазирлик ҳар куни туш ва кечки 6 да вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказишини билдирди.