Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини кескин қоралади. Унинг таъкидлашича, «Ғазода 700 кундан бери уруш эмас, балки ҳақиқий геноцид кечмоқда». Туркия раҳбарига кўра, бу ҳолатни жаҳон ҳамжамияти «уруш» деб аташи мумкин эмас.
Ўз нутқининг бошида Эрдўған Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг йиғилишда йўқлигидан афсус изҳор қилди. У Туркия бу минбарда «овози ўчирилмоқчи бўлган Фаластин халқи овозини ҳам кўтармоқда», деб таъкидлади.
Туркия етакчиси Фаластин давлатини тан олган мамлакатларга миннатдорчилик билдирди ва бошқа давлатларни ҳам шу йўлдан боришга чақирди. Эрдўған БМТ Низомининг биринчи моддасини эслаб, ташкилотнинг асосий вазифаси тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш эканини эслатди. «Бироқ ҳозир Ғазода кечаётган воқеалар бу тамойилларни тўлиқ инкор этмоқда», — деди у.
Президент маълумотларга кўра, 65 мингдан зиёд одам ҳалок бўлганини, уларнинг 20 мингдан ортиғи болалар эканини айтиб ўтди.
«Ҳар соатда Исроил бир боланинг жонини оляпти. Бу шунчаки рақамлар эмас, бу инсонлар, бегуноҳ жонлар», — дея урғу берди у.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Ғазода одамлар қуролдангина эмас, балки очликдан ҳам ҳалок бўлмоқда. «XXI асрда, цивилизациялашган дунё кўз ўнгида, 428 одам очликдан ўлди, улардан 146 нафари болалар», — деди у.
У нутқи давомида Ғазодан сурат ҳам намойиш қилиб, «2025 йилда бундай қийноққа қандай изоҳ топиш мумкин?» дея риторик савол берди. Туркия президентининг таъкидлашича, 2,5 млн аҳоли жуда тор ҳудудда мажбурий кўчирилиши билан кун кечирмоқда, тиббий тизим эса буткул вайрон қилинган.
«Ҳозир Ғазода икки ёки уч ёшли болаларнинг қўл-оёқсиз ҳолда тирик қолиши одатий манзарага айланди. Буни оғриқ билан айтаяпман», — дея нутқини якунлади Эрдўған.