«Ишонч» жамғармаси «Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (ССГ) моделлаштириш» лойиҳасига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Лойиҳа расман 2025-йил 1 октябрда ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда жамғарма 17 сентябр куни эълон қилди.
Қайд этилишича, лойиҳада Ўзбекистон бўйича камида 45 та қишлоқ мактабини таъмирлаш, мактабларда энергия сарфини 30 фоизга ва димланган газлар чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш учун хавфсиз сув, замонавий санитария, ишончли иситиш тизимлари ва экологик тоза энергия билан таъминлаш кўзда тутилган. Лойиҳа 31 500 нафар бола, айниқса, ўсмир қизлар учун кундалик таълим шароитларини бевосита яхшилайди. Улар гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида қулайликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, бу эса дарсларни қолдириш ҳолатларини камайтиради.
Лойиҳа якунлангандан сўнг унинг натижалари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 2700 нафар мактаб ўқитувчилари ва ходимлари иқлим ўзгаришига чидамлилик, SSG’га гендер жиҳатлар ҳисобга олинган ёндашув ва жараёнларга жамоатчиликни жалб қилиш бўйича ўқитилади.
«Мактаб ёшидаги болалар сони тез ўсиб бораётган мамлакатлар ичида Ўзбекистон дунёдаги юқори ўринларда туради. Бу ерда 1,4 миллиондан ортиқ ўқувчи сув таъминоти бўлмаган ёки сув таъминоти чекланган мактабларга қатнайди. Кўпгина мактаблар, айниқса қишлоқ жойлардаги мактабларда ҳамон эскирган ҳожатхоналар ва самарасиз иситиш тизимларидан фойдаланилмоқда. Мазкур лойиҳа иқлим ўзгаришига чидамли, инклюзив ва гендер жиҳатлар ҳисобга олинган инфратузилмани жорий этиш орқали бу долзарб муаммоларга ечим топади ҳамда бутун мамлакат бўйлаб таълимга келажакдаги инвестициялар учун намуна яратади», — дейилади хабарда.
Швейцария элчиси Константин Оболенскийнинг таъкидлашича, Швейцария ушбу реституция маблағлари Ўзбекистон халқига бевосита фойда келтирадиган, коррупциядан холи, сезиларли инвестицияларга айлантирилаётганидан фахрланади.
«Ушбу лойиҳа орқали биз 31 500 болага янада соғлом, хавфсиз ва муносиб муҳитда таълим олиш имкониятини яратмоқдамиз — бу ривожланишга хизмат қилувчи реституциянинг ҳақиқий тимсолидир», — деди Оболенский.
Жамғарманинг қайд этишича, «Энг яхши мактабим» рақамли портали маҳаллий ҳамжамиятлар ва кенг жамоатчиликка бюджет, пудратчилар, қурилиш муддатлари ва ишларнинг боришини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини беради.
Шунингдек, лойиҳа доирасида фуқаролик жамияти иштирокида харидлар ва таъмирлаш жараёнларида адолатли, коррупциядан холи, ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда маҳаллий жамоалар олдида ҳисобдорликни таъминловчи Ҳалоллик пакти синовдан ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланганди. Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Апрел ойида Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларининг яна 67 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилган. Жараённи назорат қилиш учун БМТ шафелигида «Ишонч» жамғармаси ташкил этилган.