Ижтимоий тармоқларда жаҳонга машҳур актёр Жеки Чаннинг Олмаотада экани ҳақидаги видео тарқалмоқда. Кеча, 23 сентябрдан бошлаб қозоқ медиасида таниқли актёрнинг Олмаотага ташрифи қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ, аммо унинг Қозоғистонда кўринганини акс эттирувчи видеоёзувлар пайдо бўлди.
Барчаси 23 сентябркуни Олмаота халқаро аэропортида олинган суратдан бошланди. Хабарда таъкидланишича, Жеки Чан Қозоғистоннинг Salem Entertainment медиа компанияси жамоаси билан бирга кўзга ташланган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари турли тахминлар билдирмоқда. Биринчи ва энг кенг тарқалган тахминга кўра, актёр Қозоғистонга Salem компанияси билан ҳамкорликда янги филм ёки йирик лойиҳани суратга олиш учун келган. Иккинчи тахминга кўра, у «Қайрат» ва «Реал Мадрид» жамоалари ўртасидаги бўлажак футбол ўйинига махсус меҳмон сифатида таклиф этилган.
Ҳозирча бирорта ҳам расмий идора актёрнинг Олмаотага ташриф буюрганини тасдиқламади. Salem Entertainment медиакомпанияси ҳамда футбол клуби вакиллари ҳам ҳозирча вазиятга нисбатан ҳеч қандай изоҳ беришмади. Шу боис, Жеки Чаннинг ташрифи мақсади номаълум бўлиб қолмоқда. Унинг келиши шахсий ишлари билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.