Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков РБК радиосига берган интервюсида мамлакат атрофидаги вазиятни очиқдан-очиқ «урш» деб атади. Унга кўра, ҳозир урушнинг энг кескин босқичи кетмоқда ва Россия «болалар, набиралар ва келажак учун» унда ғолиб чиқиши керак.
«Уруш давом этмоқда. СВО — бу алоҳида масала, аммо атрофимизда содир бўлаётган воқеалар эса чинакам урушдир», — дея таъкидлади Дмитрий Песков.
Украина билан музокаралар истиқболи ҳақида сўз юритаркан, Песков Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг тайёргарликсиз учрашуви «муваффақиятсиз ПР-акция» бўлиб қолишини таъкидлади. У Киев музокаралар учун Австрия ва Швейцарияни майдон сифатида таклиф этганини, аммо Москва бу мамлакатларни бетараф деб ҳисобламаслигини эслатиб ўтди.
Кремл расмийси Россия иқтисодиёти кўп жиҳатдан фронт эҳтиёжларига мослашганини, барча ижтимоий мажбуриятлар бажарилаётгани ва бюджет мувозанатга келтирилганини маълум қилди. Шу билан бирга, Песков санкциялар туфайли кучайган муаммолар мавжудлигини тан олди, бироқ Россия Федерацияси «макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолаётганини» таъкидлади.
Унинг айтишича, Москва энергия ресурсларини шарқ мамлакатлари бозорларига муваффақиятли йўналтираётган бир пайтда, Европа Россия учун «имтиёзли бозор» бўлишдан тўхтамоқда.
Песков, шунингдек, Россия Европа хавфсизлигининг ажралмас қисми бўлиб қолаётганини таъкидлаб, «Европа хавфсизлигини Россия хавфсизлигига зарар етказган ҳолда ҳал қилиб бўлмайди», деб қўшимча қилди.
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирган бўлса-да, буни уруш эмас «махсус операция» деб атаб, «уруш» деб ёзган журналистлар, фуқаролар ва ОАВларни жазолаган эди.