Марям Тиллаева йигити билан интервю берди. Улар тўйини Тошкентда қилмоқчи

23:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Марямнинг йигити ҳеч қаерда ишламаслиги, ҳозирча фақат ўқиши, аммо «алфонс» ҳам, наркоман ҳам эмаслигини айтди.

Maryam tillaeva

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг набираси, блогер Марям Тиллаева ва унинг қаллиғи Арно Касян келаси йил сентябр ойида Ўзбекистонда тўй қилмоқчи. Тўй икки кун давом этиши режалаштирилган. Бу ҳақда жуфтлик YouTube даги UzCast лойиҳасига берган интервюсида маълум қилди.

«Биз замонавий тўй қилмоқчимиз, лекин миллий урф-одатлар ҳам ўтказиш тарафдоримиз. Кеча ҳам айрим деталларини муҳокама қилдик. Тошкент жойлашув нуқтаи назаридан бизга қулай, чунки Америкадан келадиган дўстларимиз бор, улар Россияга бора олмайди; Россиядан келадиганлар ҳам бор, улар эса Америкага ёки Европага уча олмайди. Шунинг учун тўй Тошкентда бўлади», — деди Марям Тиллаева.

У тўйга ҳамма қариндошлари таклиф қилинишини айтди. Шунингдек, оилавий муносабатлари худди лаънатлангандек мураккблигини билдирди.

«Тўйга ҳамма таклиф қилинади. Бироқ барчага маълум, менинг оилам билан муносабатларим жуда мураккаб, худди бизга қандайдир лаънат тушгандек. Чунки оиламиздаги жанжалларни кўрсангиз, шундай қариндошлардан душман яхшироқдир, деб ўйлайсиз. Мен доим оддий, соғлом муносабатлар ўрнатилган оилам бўлишини орзу қилиб улғайганман. Шу боис Арнони учратганимдан ғоят хурсандман. Чунки ниҳоят мен истагандек оила қуришимиз мумкин. Унда насиб бўлса фарзандларим ота-онанинг жанжалини кўрмайди, агар орамизда келишмовчилик бўлса, биз буни болалардан четда ҳал қиламиз. Оиламизда мулоқот, ўзаро ҳурмат бўлади», — дея таъкидлади у.

Марямнинг йигити «алфонс» эмаслиги, наркотик таъсирида юрмаслиги ҳақида сўз очди.

«Биз ҳақимизда жуда кўп сафсаталар бор. Масалан, гўёки мен “алфонс” эмишман. Бу гапни эшитиш менга ёқимсиз. Марям билан учрашишни бошлаганимизда, унга кўп одамлар шундай деб ёзишган. Ҳатто дугоналари ҳам: “У алфонс, сендан фойдаланмоқчи”, дейишган. Шунинг учун Маша мендан икки баравар кўпроқ пул сарфлашимни талаб қиларди, шу тариқа дугоналари олдида ўзимни оқлар эдим. Бу миш-мишлар ҳатто Тошкентда ҳам тарқалган. Яна наркотик таъсирида юрар эмишман. Бу мутлақо нотўғри. Мен болалигимда доридан заҳарланганман, Феназепамни кўп ичиб юборганим учун ҳатто реанимацияга тушганман. Шундан кейин соғлиғим бўйича чекловлар қолган. Ўша пайтдан бери кўзимнинг ифодаси бир оз бошқача, шунинг учун ҳам баъзи одамлар нотўғри ўйлашади. Менда шунчаки диққат етишмовчилиги ва гиперактивлик синдроми бор», — деди Арно Косян.

Маълумот ўрнида, Марям Тилляева Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг тўнғич қизи. Марям 1999 йилнинг 20 январ куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. У россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан эди, аммо 2022 йилнинг июл ойида уларнинг муносабати ўз поёнига етгани маълум бўлди.