Олий Мажлисда шовқиндан ҳимоя қонуни қайта кўриб чиқилмоқда

13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Депутатлар тунги дам олиш вақтлари узайтирилиши ва жазолар кучайтиришни таклиф қилишмоқда. Кўп қаватли уйларда шовқин меъёридан ортиқ бўладиган қурилиш ва таъмирлаш ишлари фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилиши мумкин.

Shovqin

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишда жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва давлат харидларида қонунийликка оид қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Депутатлар аввало «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Лойиҳа сиёсий партиялар фракциялари, жамоатчилик кенгаши ва соҳа мутахассислари таклифлари асосида тайёрланган.

Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг тинчлигини бузмаслик мақсадида амалдаги «шовқинсиз вақт» 23:00 дан 06:00 гача эмас, балки 23:00 дан 07:00 гача қилиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Дам олиш ва байрам кунларида эса ушбу муддат тунги 22:00 дан 09:00 гача узайтирилиши мумкин. Шу вақт оралиғида тинчликка халақит берган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

Шунингдек, кўп қаватли уйларда шовқин меъёридан ортиқ бўладиган қурилиш ва таъмирлаш ишлари фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволлар ва таклифлар билдирилди. Хусусан, О‘zLiDeP фракцияси депутати Сайдулло Азимов оммавий спорт ва маданий тадбирлар учун белгиланган мезонларни аниқлаштириш зарурлигини қайд этди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Ғафоров бу саволга атрофлича жавоб берди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси айрим номувофиқликларни бартараф этиш ва янада такомиллаштириш учун масъул қўмитагa қайтарилди.

Янги таҳрирда тайёрлангандан сўнг, ҳужжат Қонунчилик палатасининг кейинги мажлисида кўриб чиқилиши белгиланди.