Олтин кузда мароқли дам олиш: Ўзбекистондаги энг мақбул бешта локация

17:30 | 11 дақиқада ўқилади.

Ёз жазирамасидан кўра, кузнинг мўътадил ва салқин об-ҳавосида дам олишни хоҳловчилар ҳам кўп. Яхши ва ҳамёнбоп манзил эса ҳаммага керак. Vaqt.uz Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги энг яхши дам олиш масканларидаги нархларни таҳлил қилди.

Kuz angidon

1. Амирсой дам олиш маскани

Amirsoy Resort тоғ курорти 900 гектар майдонда, Тошкент вилоятининг энг чиройли ва манзарали жойларидан бирида, Тян-Шан тоғларининг ғарбий қисмида жойлашган. Масканда ҳордиқ чиқариш учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, нархлар анча қиммат. Бу ерда кўнгилдагидай дам олиш учун анчагина пул жамғармасига эга бўлиш керак.

Kuz amirsoy

Курортда пиёда чипталари нархи ёшга, чипта турига ва ҳафта кунига қараб бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, 4-14 ёшли болалар учун ҳафта кунлари нархлар 35 минг сўмдан 110 минг сўмгача, дам олиш кунлари эса 45 мингдан 125 минг сўмгача; 14-55 ёшлилар учун эса 65 минг сўмдан 220 минг сўмгача, дам олиш кунлари 80 мингдан 250 минг сўмгача ўзгаради.

Куз ойларида курортда соат 9:00 дан 17:00 гача қуйидаги машғулотлар билан шуғулланиш мумкин:

  • Арқонлар шаҳарчасида сайр қилиш (болаларга 50-60 минг ; катталарга 80-90 минг);
  • Квадроциклларда учиш — 450 мингдан 850 минггача;
  • Байкпасс (велосипед учиш) —180 мингдан- 260 минггача;
  • Қояга чиқиш — 70 мингдан 120 минггача.

Тунаш учун ўртача шароитдаги «Lе Chalet by Amirsoy» меҳмонхонасига кунига 4 киши учун 3 млн 370 минг сўм, премиум тарифда эса 3 млн 870 минг сўм тўлаш керак бўлади.

Шунингдек, Амирсой яқинида бир қанча дачалар ҳам бор бўлиб, уларда нархлар меҳмонхонадагидан арзонроқ. Хусусан, Оқтош оилавий дачасида бир кун учун 890 минг сўм тўлаш талаб қилинади.

14-55 ёш оралиғида инсон учун чипта ва барча хизматларнинг энг арзон нархидан фойдаланилган, тушлик ва кечки овқат ҳисобланган тақдирда 1 млндан ортиқ пул кетади. Умумий ҳисобда эса, бир кишига бир кунга меҳмонхонада турилса, 1 млн 850 минг, энг арзон дачада турилса, эса 1 млн 100 минг сўмга тушади.

 

2. Зомин дам олиш маскани

Ўзбекистоннинг энг сўлим ҳудудларидан бири бўлиб, «Ўзбекистон Швейцарияси» номи билан машҳур. У Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудида, Туркистон тизмасининг ён бағирларида жойлашган. Зоминда табиат манзараси, тоза ҳаво, юқори сифатли меҳмонхона хизмати эвазига нархлар анча қиммат бўлиб, баҳор-ёз мавсуми учун алоҳида, куз-қиш мавсуми учун алоҳида белгиланган.

Kuz zomin

Масканининг расмий саҳифасига кўра, 2025 йилда бир киши учун Wyndham меҳмонхонасида қолиш нархлари қуйидагича:

  • Стандарт — 1 млн 900 минг сўм;
  • Полилюкс — 2 млн 200 минг сўм;
  • Люкс — 2 млн 500 минг сўм.

Агар дам олиш 6 кундан кўпроққа чўзилса, махус тариф режасига кўра, кунлар арзонлаша боради. Шунингдек, янада яхши шароит хоҳловчилар учун ушбу тарифлар ҳам шароит даражасига кўра, (Standard, Silver, Gold) каби гуруҳларга бўлинади. Бундай махус шароитда нархлар 3 млн 990 минг сўмдан 11 млн 380 минг сўмгача бўлади.

Аниқ бўладики, Зоминда энг арзон дам олиш 1 млн 900 минг сўм, энг қиммати 11 млн 380 минг сўмга тўғри келади.

Шунингдек, зиплайн (150 минг), канатда учиш, шиша кўприкдан ўтиш ҳам алоҳида харажатни талаб қилади.

 

3. Чодак дам олиш маскани

Чодак дам олиш маскани Наманган вилояти Поп туманида, Чодак қишлоғида жойлашган бўлиб, у Фарғона водийсининг энг машҳур тоғли ҳудудларидан бири саналади. Чодакда ёзда ҳаво салқин, қишда эса юмшоқ бўлгани учун йилнинг исталган фаслида дам олишга қулай.

Kuz chodak

Дам олиш масканида нархлар анча ҳамёнбоп 300 мингдан бошланиб, 1,3 млнгача давом этади. Нархлар кўрсатилаётган хизматлар сони, табиат манзарасига кўра фарқаланади. Овқатланиш, сервис ичига кирмайди.

Наманган шаҳридан Чодакка бориш учун ўртача бир ярим соат вақт кетади, Тошкентдан эса автомобил орқали 5–6 соатда етиб бориш мумкин.

 

4. Тўдакўл Соҳил дам олиш маскани

Тўдакўл соҳил Навоий вилоятида жойлашган. Бу ерда чўмилиш, қайиқда сайр қилиш, балиқ овлаш каби машғулотлар билан шуғулланиш мумкин. Бу маскан 10 та 4 ўринли кемпингдан иборат.

Курорт расмий саҳифасига кўра, Тўдакўл Соҳил дам олиш масканига кириш бир киши учун 80 минг сўм. Ушбу сумма ичига супа, қозон-ўчоқ, идиш-товоқ, шашлик қўраси киради. Оилавий бир кеча тунаш нархи 800 минг сўм. Бу сервисга овқатланиш кирмайди.

Kuz tudakul

Дам олишга келаётган киши ўзи билан таом пишириш учун керакли маҳсулотларни олиб келиши талаб қилинади.

Шароитлар, табиат манзараси, тўлов суммасига қараганда, Тўдакўлда дам олиш республиканинг бошқа дам олиш масканларидан анча арзонга тушади.

 

5. Хонобод дам олиш маскани

Кузда дам олиш учун яна бир маъқул жой — Андижон вилоятиги Хонобод дам олиш масканидир. Ҳудуд денгиз сатҳидан тахминан 850 метр баландликда жойлашган. Санаторийда 180 ўринли замонавий корпус ишга туширилган, у ерда стандарт, яримлюкс ва люкс хоналар мавжуд.

Kuz xonobod

Соғломлаштириш йўналишида минерал ванналар, физиотерапия, электрофорез, игна билан даволаш, галванизация, косметология, галотерапия ва бошқа тиббий муолажалар таклиф этилади. 2 кишилик хоналар 450 мингдан 1 млн 100 минггача, оила учун 1 млн 120 мингдан 1 млн 160 минггача белгиланган.

Умуман олганда, дори-дармон, озиқ-овқатларни ҳисоблаганда бир кишига бир кунда 1 млн артофида сумма сарфланади.

* * *

Барча дам олиш масканларида керак бўладиган суммалар устида молиявий таҳлил ўтказиб, уларни қуйидаги категорияларга бўлиш мумкин:

Камчиқим саёҳат учун: Тўдакўл, Хонобод.

Ўрта даражадаги саёҳат учун: Чодак.

Премиум саёҳат учун: Амирсой, Зомин.

 

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.