Ўзбекистон 2026 йил март ойида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлади

10:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши жараёни якунланиш арафасида. Бу мамлакат ташқи иқтисодий муносабатларида янги босқич бўлиши кутилмоқда.

Mirziyoyev va jst rahbari

Ўзбекистон 2026 йил март ойида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзоси бўлиши мумкин. Бу ҳақда ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала хоним «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни муваффақиятли давом этаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, икки томонлама музокаралар якунига етган ва 2026 йил март ойига келиб барча расмий жараёнлар тугалланиши мумкин.

22 сентябрда Шавкат Мирзиёев ва ЖСТ раҳбари ўртасидаги учрашувда ҳам мазкур масала муҳокама қилинган. Суҳбатда Ўзбекистоннинг халқаро савдодаги иштирокини кенгайтириш, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятлари муҳокама қилинган. Шунингдек, жорий йил ноябр ойида бўлиб ўтадиган Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши натижадорлигини таъминлаш, шунингдек, 2026 йилда музокаралар якунланиши ва мамлакатимиз ташкилотга қўшилиши муҳим экани таъкидланган.

«Ноябр ойида ЖСТ ишчи гуруҳи йиғилиши белгиланган. Умид қиламизки, март ойига белгиланган муддатга қадар барча ишлар якунланади ва Ўзбекистоннинг ЖСТ аъзоси бўлганини тантанали равишда эълон қилиш имкониятига эга бўламиз. Биз бу йўналишда жуда қатъият билан ҳаракат қиляпмиз», деган у интервюсида.

ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун экспорт бозорларига киришда ҳуқуқий кафолатлар яратиш, савдо низоларини ҳал қилиш механизмларидан фойдаланиш ва хорижий сармоялар учун қулай муҳит яратиш имконини бериши айтилмоқда. Хусусан, бу қадам миллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат муҳитини яхшилайди ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мос равишда ривожланишини рағбатлантиради.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши иқтисодиётнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширади, ташқи савдода тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатишга замин яратади. Шу билан бирга, ички бозор иштирокчилари учун рақобат босими ортиши мумкинлиги таъкидланмоқда.