Ўзбекистон бензин сотиб олмаяпти, экспорт бутунлай тўхтатилган — Қозоғистон Энергетика вазирлиги

08:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Қозоғистон бензинини харид қилишда давом этаётгани ҳақида тарқалган маълумотларга муносабат билдирди.

Benzin export

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Ўзбекистон қўшни давлатдан бензин харид қилаётгани ҳақида тарқалаётган хабарларни рад этди. Маълумотларга кўра, 2025 йил июндан бери бензин экспорти тўлиқ тўхтатилган ва ички бозордаги захиралар сезиларли ошган. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Баёнотда айтилишича, айрим оммавий ахборот воситалари «Ўзбекистон томонидан Қозоғистон бензини харид қилиниши давом этмоқда» деган маълумот тарқатмоқда. Аммо вазирлик бу хабарларни инкор этиб, мамлакат ҳукумати томонидан ноқонуний олиб чиқиш ва контрабандага йўл қўймаслик мақсадида аниқ чоралар кўрилаётганини билдирди.

Вазирлик изоҳ беришича, 2025 йилнинг апрел ва май ойларида ички бозорда ёқилғи захиралари ортиқча бўлгани учун қисқа муддатли экспорт амалга оширилган. Хусусан, АИ-92 маркали бензин захирасини оптималлаштириш ҳамда бюджетга қўшимча тушум олиш мақсадида вақтинча экспорт қилинган. Бироқ бу чора-харакат июндан тўлиқ тўхтатилган.

Маълумотларга кўра, давлат томонидан нархлар эркин қўйилиши ва экспорт тақиқланиши ички бозорда барқарорликни таъминлаган. Вазирликка кўра, ёз бошига келиб бензин захиралари қарийб 70 фоизга, дизель ёқилғиси захиралари эса 78 фоизга ошган.

Ҳозирги кунда Қозоғистонда ёқилғи бозори тўлиқ таъминланган ва бензин нархлари барқарор. Шу билан бирга, мамлакатдаги АИ-92 маркали бензин 231–233 тенгедан сотилмоқда. АИ-95 эса 290 тенгеден юқори баҳода таклиф этилмоқда.

Қозоғистон 19 май куни бензин, дизел ёқилғиси ва бошқа нефть маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлаган эди. Ушбу чекловлар олти ой давомида амал қилади. Вазирликнинг ёзишича, нефтни қайта ишлаш заводини таъмирлашдан олдин стратегик захираларни тўплаш мақсадида июнь ойидан бошлаб экспорт бутунлай тўхтатилган.

Қозоғистонда 2025 йилнинг 1 январидан бензин ва дизел ёқилғисини Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕОИИ) аъзо давлатлардан ташқарига олиб чиқишга тақиқ жорий этилди. Нефть маҳсулотларини ЕОИИ ташқарисига олиб чиқишни тақиқлаш Қозоғистон нефтни қайта ишлаш заводларининг нофаол қувватларини ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш орқали юклаш ва шунга мос равишда мамлакатда ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллигини камайтириш, шунингдек, божсиз етказиб бериш ва импорт қилинадиган нефть маҳсулотларининг реэкспортига барҳам бериш шартларини бажариш имконини беради.