Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси доирасида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан учрашув ўтказди. Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар кейинги йилларда савдо, инвестиция ва таълим соҳаларида катта ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Хусусан, Корея компанияларининг Ўзбекистонга киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 млрд доллардан ошгани қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимизда Кореянинг тўртта етакчи олий таълим муассасаси филиаллари ва бир қатор профессионал таълим марказлари муваффақиятли ишламоқда.
Суҳбатда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан йўлга қўйилган самарали шерикликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг умумий лойиҳалар портфели 3,5 млрд долларга етгани маълум қилинди.
Президентлар хомашё ресурсларини қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, авиация ва биотехнологиялар каби устувор йўналишларда узоқ муддатли Технология ва саноат шериклиги дастурини тайёрлаш бўйича келишувга эришдилар. Шу маънода, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, «Марказий Осиё – Корея Республикаси» ҳамкорлик формати доирасидаги минтақавий муносабатлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Корея Президенти Ли Чжэ Мённи Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.