Ўзбекистонда ногиронликни белгилашда рақамли тизим жорий этилди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Энди беморлар ногиронлик масаласида фақат туман поликлиникалари врачлик комиссиясига эмас, балки «Инсон» марказлари, оилавий шифокорлар ва my.gov.uz портали орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин.

Nogironlik nafaqasi

Вазирлар Маҳкамасининг 587-сонли қарорига мувофиқ, ногиронликни белгилаш жараёни рақамлаштирилиб, фуқаролар учун янги мурожаат каналлари очилди.

Янги тартибга кўра, ногиронликни белгилаш учун аввал талаб қилинган ягона 4–6 ойлик даволаниш муддати бекор қилинди. Энди ҳар бир бемор учун индивидуал даволаниш даври ва минимал текширув мезонлари белгиланади. Шунингдек, сиртдан ногиронлик белгиланиши мумкин бўлган касалликлар рўйхати 48 тадан 60 тагача кенгайтирилди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 октябрга қадар тизим бутун республикада ишга туширилади. Бунда беморнинг маълумотлари асосида ногиронлик гуруҳи, унинг муддати, тиббий реабилитацияга ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги автоматик равишда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида шакллантирилади.

Шунингдек, 18 ёшгача бўлган болалар учун ногиронликка олиб келувчи касалликлар рўйхати янги таҳрирда тасдиқланди. 130 та ҳудудий тиббий ижтимоий экспертиза комиссиялари учун услубий кўмак тизими йўлга қўйилади, республика комиссияси эса турли йўналишлардаги мутахассислардан ташкил этилган.