Ўзбекистон ташқи савдо ҳажми 2025 йилнинг январ–август ойларида сезиларли ошди. Мамлакат 200 та давлат билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда ва кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан юқори суръатларда ўсмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–август ойларида ташқи савдо айланмаси жами 51,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 млрд долларга ёки қарийб 20 фоизга кўпдир.
Ташқи савдо ҳажмида экспорт улуши 23 млрд долларга етди ва бу 31,3 фоиз ўсишни англатади. Импорт эса 28,4 млрд доллар бўлиб, 11,8 фоизга кўпайди. Бу ҳолат мамлакат ташқи иқтисодий алоқалари кенгайиб, экспорт имкониятлари янада ошганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ташқи савдосининг асосий ҳамкорлари орасида Хитой биринчи ўринда туриб, умумий айланманинг 18,9 фоизини таъминлаган. Россия ҳиссаси 16,1 фоизга тенг. Шунингдек, Қозоғистон 5,9 фоиз, Туркия 3,7 фоиз ва Корея Республикаси 2,2 фоиз улуш билан рўйхатдан жой олган.
Мазкур рақамлар Ўзбекистон ташқи бозорларидаги фаоллиги ортганини ва иқтисодий интеграция жараёнлари изчил ривожланаётганини кўрсатади.