Қизиқарли статистика: Ўзбекистонда нечта ҳайвонот боғи бор ва уларда қанча жонзот сақланади?

15:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон бўйлаб нечта ҳайвонот боғи борлиги ва уларда қанча ҳайвонлар сақланиши ҳақида маълумот берди.

Hayvonot bog'i

Ўзбекистонда ҳайвонот боғлари сони 7 та бўлиб, уларнинг умумий майдони қарийб 50 гектарга тенг. Бу масканларда минглаб турли хилдаги жонзотлар сақланади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатига ҳайвонот боғларида жами 720 хил турдаги 19 332 та ҳайвон мавжуд. Ҳайвонот боғларидаги ҳайвонлар таркибининг асосий қисми балиқлар ва паррандалар ҳиссасига тўғри келади.

Жумладан, балиқлар сони 9 600 та, паррандалар 2 383 та, сут эмизувчилар 611 та, судралиб юрувчилар 453 та, сувда ва қуруқликда яшовчилар 63 та, бошқа турдаги ҳайвонлар эса 6 222 тани ташкил этади.

Бу кўрсаткичлар ҳайвонот боғлари фақат ҳордиқ чиқариш жойи эмас, балки биохилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, улар мамлакатда ҳайвонот оламига оид илмий тадқиқотлар учун ҳам кенг имконият яратади.