Парламентда қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Муҳим жиҳатлардан бири — совуқ қурол ёки унга тенглаштирилган ашёларни жамоат жойларида қонунга хилоф равишда олиб юришга қарши чораларни кучайтириш. Агар шахс маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам бу ҳаракатни такрорласа, унга нисбатан қўшимча жавобгарлик белгиланади.
Лойиҳа, шунингдек, оилавий ёки маиший зўравонлик қилган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини беришни тақиқлайди. Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларда мавжуд қуролларни ички ишлар органлари вақтинча мусодара қилади. Бу қадам жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади.
Яна бир муҳим ўзгариш — наркотик моддаларга ружу қўйган шахсларга нисбатан чоралар. Маъмурий жавобгарликка тортилган ва наркологик касалликка чалинган шахс суд қарори билан мажбурий даволашга юборилиши мумкин.
Қонун лойиҳасида узоқ ҳудудларда наркологик экспертизаларни ўтказиш учун махсус туманлараро тиббий комиссиялар ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Уларнинг фаолият тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Мажлисда таъкидланишича, қабул қилинган нормалар маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлигини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.