Сертификат масаласига аниқлик киритилди: ўқитувчиларга йил охиригача муддат берилди

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хорижий тил ўқитувчилари B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Талабни бажармаган педагогларга 2025 йил охиригача вақтинча ишлаш ҳуқуқи берилди.

O'qituvchi va o'quvchi

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири хорижий тил ўқитувчиларига қўйилган малака талаблари бўйича янги буйруқни имзолади.

Ҳужжатга кўра, хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенг халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Шу билан бирга, амалда сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар истисно тариқасида 2025 йил охиригача ишлаб туриши мумкин.

Сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар жорий йил якунига қадар миллий ва халқаро имтиҳонларда иштирок этиши шарт қилиб белгиланди. Бу ҳақда улардан тегишли тилхат олиниши ҳам кўзда тутилган. Агар ўқитувчининг мавжуд сертификати ўқув йили давомида ўз кучини йўқотса, у ҳолда ўқитувчи ўқув йили якунигача ишини давом эттириши мумкин.

Умумий таълим мактабларидаги бўш ўринларни тўлдириш мақсадида хорижий тиллар йўналиши бўйича 3–4-курс талабалари ҳам зарур сертификатга эга бўлган тақдирда вақтинчалик ишга қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, сертификат муддати чегараланмаган ҳолларда ҳам унинг амал қилиш даври олинган кундан бошлаб уч йил этиб белгиланди.

Вазирлик таркибидаги Хорижий тилларни оммалаштириш бошқармаси ҳамда маҳаллий таълим бошқармаларига сертификатсиз ўқитувчилар учун қўшимча ўқув машғулотлари ташкил этиш вазифаси юклатилди. Улар миллий ва халқаро имтиҳонларда педагогларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаши ҳамда тарғибот ишларини кучайтириши зарур.

Ижро жараёнини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Ш. Каримов зиммасига юклатилди. Мазкур чоралар хорижий тил ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва таълим сифатини янада яхшилашга қаратилган.

Аввалроқ мазкур масала юзасидан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган.

Вазирликнинг Кенгашга жавоб хатида «меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш меҳнат муносабатлари субъектлари (яъни, иш берувчи-таълим муассасаси ва ходим-педагог) ўртасида ҳал қилиниши лозим», дея жавоб берган эди.