23 сентябр куни Ню Йорк шаҳрида, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Доналд Трамп ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари ва устувор йўналишлар батафсил муҳокама қилинди.
Музокаралар аввалида Президент Мирзиёев Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги ютуқлари билан табриклади. Шу билан бирга, у АҚШ раҳбарининг халқаро можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Доналд Трамп эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Томонлар жорий йил 5 сентябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида эришилган келишувларнинг бажарилишини ҳам кўриб чиқдилар. Суҳбатда сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқаларнинг жадал ривожланаётгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида фаол мулоқот ва ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан эслатиб ўтилди.
Доналд Трамп куни кеча Ўзбекистон етакчисининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ва музокаралари натижаларини юқори баҳолади. Ушбу музокаралар фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё ва энергетика каби йўналишларда шартнома ва истиқболли лойиҳалар портфелини яратишга замин бўлди.
Президентлар таъкидлаганидек, мазкур лойиҳалар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув очиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилди.