Фахрий оқсоқол Ёзмурод Отамуродов Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган Халқ маслаҳати йиғилишида мамлакат раҳбариятининг «бахтли халқ турмуш даражасини барқарор ўстираётган» сиёсати натижасида аҳолининг маиший шароити юқори даражага етгани ва энди давлат маблағларини бошқа соҳаларга йўналтириш мумкинлгини айтди.
«Бунақа имтиёзлар дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқ, тежалган маблағларни мамлакат тараққиёти учун ишлатайлик» деди Отамуродов.
Бироқ Turkmen news ёзганидек, бу таклиф туркман ижтимоий тармоқларида кучли баҳсларни келтириб чиқарди. Давлатга қарашли Turkmenportal эса изоҳларни ўчириб қўйди. Фойдаланувчилар асосий эътироз сифатида инфляция расмий 10 фоиздан анча юқори эканини қайд этди: масалан, гўшт нархи ярим йилда икки бараварга қимматлашган. Талабалар формаси эса оилаларга тахминан 12 минг манатга (600 доллар) тушади, бу эса кредит олишга мажбур қилади.
Шу билан бирга, мамлакатда минимал пенсия 550 манат (27,5 доллар), нафақа эса 520 манат (26 доллар)дан ошмайди. Бу шароитда кўплаб туркман фуқаролари оқсоқолнинг сўзларини ҳаётий воқеликка тўғри келмаслигини таъкидлади.
Расмийлар ҳозирча бу ташаббусга муносабат билдирмади. Аммо ўтмишда шунга ўхшаш баёнотлар имтиёзларни бекор қилишга олиб келган. Хусусан, 2015 йилда айтилган «халқ шунчалик яхши яшаяптики, хизматлар учун бемалол тўлайди» деган гап ортидан газ, сув ва электрга берилган имтиёзлар йўқотилган эди.