Россия Молия вазирлиги ҳукуматга 2026 йил бюджети ва 2027–2028 йиллар режа кўрсаткичларини тақдим этди. Ҳужжатда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси амалдаги 20 фоиздан 22 фоизга кўтарилиши назарда тутилган. Идоранинг таъкидлашича, бу ўзгаришдан келадиган маблағлар «мудофаа ва хавфсизликни молиялаштириш» учун йўналтирилади.
Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар учун 10 фоизлик имтиёзли ставка сақлаб қолинади. Унга озиқ-овқат, дори-дармон, болалар маҳсулотлари, босма нашрлар ва китоблар киради.
Молия вазирлиги бюджетни тўлдиришнинг бошқа йўлларини ҳам таклиф қилган: аксилковид имтиёзларини бекор қилиш, ҚҚС тўловчилари доирасини кенгайтириш, букмекерлик конторлари ва қимор бизнесига янги солиқлар жорий этиш, йирик давлат компанияларини хусусийлаштириш. Агар ўзгаришлар қабул қилинса, улар 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Таклиф ортдаги асосий сабаб — бюджет тақчиллигининг кескин ўсгани бўлди. 2025 йил учун бу борадаги режа 1,17 трлн рубл (ЯИМнинг 0,5 фоизи) этиб белгиланган эди, аммо январ–августда у рекорд 4,19 трлн рубл (ЯИМнинг 1,9 фоизи)га етди. Reuters манбаларига кўра, бу нефт-газ даромадлари 20,2 фоизга пасайгани ва Украинадаги уруш харажатлари 21,1 фоизга кўпайгани билан боғлиқ.
ҚҚС Россия бюджети учун энг йирик манба ҳисобланади. 2024 йилда у федерал даромадларнинг 37 фоизини (13,5 трлн рубл) таъминлади. Охирги марта 2019 йилда ҳукумат ҚҚСни 18 фоиздан 20 фоизга оширган эди. The Bell ҳисоб-китобларига кўра, яна 2 фоизлик ўсиш бюджетга қўшимча 1 трлн рубл ёки ЯИМнинг 0,5 фоизини олиб келиши мумкин.
Россия Ишбилармонлар ва ишлаб чиқарувчилар иттифоқи (РСПП) раҳбари Александр Шохиннинг огоҳлантиришича, ҚҚС ўсиши нархлар ва инфляциянинг янги тўлқинига сабаб бўлади. «Яна инфляция, яна ставкалар кўтарилиши…», — дея танқид қилди у.