Украина Президенти Володимир Зеленский БМТ Хавфсизлик Кенгашининг юқори даражадаги йиғилишида чиқиш қилиб, Будапешт меморандумининг умидларни оқламаганини ва у ҳеч қандай амалий мазмунга эга бўлмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина ядровий қуролдан воз кечиши эвазига хавфсизлик кафолатларини олган, аммо улар «бўш сўзлар»га айланган.
Зеленский Украина ҳозирда етакчи давлатлар билан ҳамкорликда янги хавфсизлик архитектурасини яратаётганини қайд этди. Унинг айтишича, бу жараёнда Буюк Британия, Франция ва 30 дан ортиқ мамлакат иштирок этмоқда, АҚШдан эса ишончли қўллаб-қувватлаш кутиляпти.
«Реал хавфсизлик кафолатлари Россия яна қайта босиб ўтолмайдиган чегарага айланиши шарт», — деди Украина раҳбари. У шунингдек, Россиянинг ҳаводан ҳужумларига қарши қўшма мудофаа тизими барпо этилса, Москва ўз ҳаво зарбаларини тўхтатишга мажбур бўлишини қайд этди.
Зеленский бу масалани АҚШ Президенти Доналд Трамп ва бошқа етакчилар билан муҳокама қилганини маълум қилди. Унга кўра, агар Россия ҳавода мағлуб этилса, у ердаги урушни ҳам давом эттира олмайди.
Президент Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари — АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Францияга мурожаат қилиб, агрессорга қарши қатъий чора кўришга чақирди. «Россия бу уруш билан ўзини халқаро майдонда тўлиқ дискредитация қилди», — деди у.