Банкларга омонат қўйиш кўпроқ кимларни қизиқтирмоқда?

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Марказий банк тақдим этган «Банк омонатлари бозори» таҳлилига кўра, омонат ҳисобларининг асосий қисми 16–30 ёшдаги ёшлар томонидан очилган.

Omonot

Ҳисобот маълумотларига кўра, ушбу тоифадаги аҳоли 13,3 миллионга яқин омонат очган. Бу умумий кўрсаткичда энг юқори улуш ҳисобланади. Кейинги ўринда 31–40 ёшдаги фуқаролар турибди, улар томонидан 12,4 миллион омонат рўйхатдан ўтказилган.

Каттароқ ёш тоифаларида омонатлар сони анча паст даражада. Болалар учун очилган омонатлар эса энг кам кўрсаткични ташкил қилди — бор-йўғи 126,2 минг.

Марказий банк ҳисоботида таъкидланишича, аҳолининг банк тизимига ишончи ортиб бораётгани ва ёшлар молиявий хизматлардан фойдаланишга кўпроқ қизиқиш билдириши омонат бозорининг ўсишига хизмат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, келгусида омонат маҳсулотларини диверсификация қилиш ва аҳоли турли қатламларини жалб этиш орқали бозорда янада кенг қамровли ўсиш таъминланиши мумкин.

Аввалроқ Марказий банк банк тизимидаги коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабабларни таҳлил қилиш мақсадида сўровнома ўтказган. Натижаларга кўра, кредит бериш жараёнларида коррупция хавфи энг юқори деб баҳоланди.