Боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича жиноят иши очилди

18:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳар қандай вазият тегишли ташкилотларнинг алоҳида назорати остида ўрганилиши айтилмоқда.

Photo 2025 09 25 09 40 20

24 сентябр куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар соғлиғида ўзгариш кузатилиб, улар юқумли касалликлар бўлимига олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик. Бироз вақтдан сўнг Юқори Чирчиқдаги боғча тарбияланувчиларида ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилгани аниқланган. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Боғчаларда тарбияланувчи болалар тана ҳарорати, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Дастлабки тиббий кўрикдан сўнг, болаларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилган ва аксариятининг соғлиғи яхшиланган. Оғир аҳволда бўлган болалар аниқланмаган.

Тошкент вилоятидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, шунингдек, туман бўлимлари мутахассислари мактабгача таълим муассасаларининг ошхонасини текширишга киришди. Болалар истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда текширилмоқда.

25 сентябрь куни Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитария қонунчилиги ва эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда ва болалар омбудсмани ҳолатни кузатишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатли бўлмаган сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкин. 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехда ишлаб чиқарилганлиги аниқланган.

Маълумот учун, Шунга ўхшаш ҳолат 2021 йилда ҳам Оққўрғонда содир бўлган эди. Ўшанда 25 нафар бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилган, жиноят иши Бош прокурорнинг алоҳида назоратига олинган ва 6 киши айблангани хабар қилинганди. Бироқ айбдорларга нисбатан қандай жазо қўлланилгани очиқланмаган.

Ўша даврда «SHARK MILK PRODUCT» МЧЖ Оққўрғон тумани МТБга йил бошидан 503,3 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари (қайта ишланган сут, кефир, творог ва бошқалар) етказиб берган. Корхона тўлиқ ҳолда Оққўрғоннинг ўша пайтдаги ҳокими Фарҳод Омоновнинг фарзандига тегишли бўлган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки,  боғча болалари заҳарлангани аниқланган барча туман ММТБлари ҳозирга қадар «SHARK MILK PRODUCT»дан 3,2 фоизли қадоқланган кефирни деярли барча ҳолатларда тендер ёки танловларсиз, тўғридан тўғри шартномалар орқали харид қилиб келмоқда.

Жумладан (2025 йилда):

— Пискент тумани ММТБ жами 1 млрд 471 млн сўмлик;

— Қуйи Чирчиқ тумани ММТБ — 686 млн сўмлик;

— Бўка тумани ММТБ — 354,3 млн сўмлик;

— Оққўрғон тумани ММТБ — 950,8 млн сўмлик қадоқланган кефир ва бошқа сут маҳсулотлари сотиб олган.

Ҳозирда «SHARK MILK PRODUCT» МЧЖнинг раҳбари — Омонов Расул Ботирович ҳисобланади. Таъсисчилари: Омонов Фазлиддин Фарходович (90 фоиз улуш) ва Султанов Саидрасул Абдуразакович.