Париж суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини 2005-2007 йилларда Муаммар Каддафийнинг Ливия ҳукумати томонидан унинг сайлов кампаниясини молиялаштириш масаласида жиноий тил бириктирганликда айбдор деб топди.
Худди шу иш доирасидаги бошқа айбловлар — давлат маблағларини ўзлаштириш, пассив коррупция ва сайлов кампаниясини молиялаштиришдаги қоидабузарликлар бўйича Саркози айбсиз деб топилди.
Дастлаб прокуратура барча айбловлар учун етти йиллик қамоқ жазосини талаб қилган эди.
70 ёшли Саркози бутун суд жараёни давомида барча айбловларни рад этиб келди.
Маълумот учун, Саркози 2007 йилдан 2012 йилгача Франция президенти лавозимида ишлаган. 2011 йилда у Ливияда Каддафийга қарши қўзғолон бошланганида, бу мамлакатга ҳарбий аралашувнинг энг фаол тарафдорларидан бири бўлган. Чет эл кучлари томонидан амалга оширилган бомбардимонлар қўзғолончиларнинг мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди, натижада Каддафий режими ағдарилди ва унинг ўзи ўлдирилди.
Саркози 2021 йил март ойида таъсир ўтказиш ва коррупция қилишда айбдор деб топилди. Унга бир йил озодликдан маҳрум қилиш ва икки йил шартли жазо тайинланди, аммо ҳақиқий қамоқ муддати электрон билагузук тақиш ва қисман уй қамоғи билан алмаштирилди.
2021 йил кузида Саркози яна бир жиноий иш бўйича айбдор деб топилди — бу 2012 йилдаги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш эди. Дастлаб унга бир йиллик қамоқ жазоси тайинланди, кейинчалик эса жазо муддати олти ойгача қисқартирилди. Шунингдек, қамоқ жазосини электрон билагузук тақиш билан алмаштириш имконияти ҳам берилди.