Глобал чақириқ: Президент Мирзиёев БМТ минбарида нималар деди?

08:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонинг халқаро майдондаги позицияси, асосий ташаббуслари ва келгуси йўналишлари ҳақида муҳим мессежлар йўллади.

Mirziyoyev un tashabbus

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида бир қатор глобал масалалар бўйича Ўзбекистоннинг позициясини санаб ўтиб, муҳим ташаббусларни илгари сурди. Қуйида тилга олинган асосий гаплар ва ташаббусларни лўнда ҳолда келтирамиз.

 

БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва таркибини кенгайтириш

«Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда. Қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда. Технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда. Иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда».

ЗАРУРАТ — глобал вазият БМТга янгича ёндашувларни тақозо этмоқда.

МАҚСАД — замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш ва ривожланаётган давлатларнинг манфаатини ҳимоя қилиш».

 

Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар ва низолар даври тарихда қолди

«Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида мустаҳкам ўрин эгалламоқда».

ТАШАББУС — Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш; саноатда яшил технологиялар минтақавий ҳабини ташкил этиш; минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, яшил макон барпо этиш ва демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш».

 

Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳим

«Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур».

ТАШАББУС — Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилиш.

 

Икки халқ учун — икки давлат

«Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни эътибордан четда қолдириб бўлмайди».

ПОЗИЦИЯ — ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттириш.

«Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда».

ПОЗИЦИЯ — муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар.

 

Глобал аксилтеррор стратегияси

«БМТ бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Минтақавий кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантиришни таклиф этамиз. Бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади».

ТАШАББУС — Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш.

 

Ёшларнинг кучини бутун дунё равнақига йўналтириш

«Дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Уларнинг қалби ва онгига тинчлик, ҳуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир».

ТАШАББУС — «Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати»ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш.

 

Турли йўналишдаги бошқа муҳим ташаббуслар:

  • Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш.
  • Минтақа миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш.
  • «Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш» глобал механизмини жорий этиш.
  • Сув ресурслари тақчиллиги: глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилиш.
  • Иқлим миграцияси: кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш.
  • Соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизми яратиш.