Россиянинг Красноярск ўлкаси Емельяновский туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Корона” банкет залида уюштирилаётган ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертга бостириб кириб, мигрантларни тинтув қилгани ҳақида хабар берилганди.
22 сентябр куни Красноярск ўлкасининг Емеляново раёнида жойлашган «Корона» банкет залида ўзбек хонандаси Жалолиддин Аҳмадалиев концерти вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар рейд уюштиргани ҳақида хабар бергандик. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, ўша кунги текширув давомида Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқароси РФда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган. Улардан 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
«Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур фуқаролар ушбу бинода ўзбек эстрадаси хонандаларидан бири концерт бергани муносабати билан бўлган. Мазкур концерт Красноярск ўлкасининг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлган», — дейилади хабарда.
Консулликка кўра, Красноярскдаги концерт Россия фуқаролигига эга бўлган шахслар томонидан шахсий тартибда ташкил этилган ҳамда бундай тадбирлар учун махсус жиҳозланмаган бинода ўтказилган. Шу билан бирга, Бош консулхона фикрича, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим.
Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонаси мазкур Россия минтақаси куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатларни Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этган.
Маълумот учун, июн ойида Россия хавфсизлик кучлари Москвадаги ётоқхонада мигрантларга қарши рейд ўтказганди. Одамларни қўлга олишда жисмоний куч ишлатилган, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги бундан таассуфда эканини билдириб, Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидан расмий маълумот кутаётганини маълум қилган.