Ўзбекистонда «супер-мупер» контракт бекор қилинди

22:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Аввал имтиҳонда 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар ҳам икки карра кўп пул тўлаб ўқиши мумкин эди. Халқ тилида бу «супер-мупер» контракт, деб ҳам аталарди.

Super kontraktФото: kun.uz

Энди 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар «супер-контракт»нинг икки бараварини тўлаб олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сонли қарорида назарда тутилган.

2017 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорига мувофиқ, давлат гранти ёки оддий контрактдан четда қолган, 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар ҳам ўқишга кириши мумкин эди. Фақат улардан «супер-контракт»нинг икки баравар қимматини тўлаш талаб қилинган.

Амалиётда бу тартиб «супер-мупер» номи билан машҳур бўлган. Масалан, агар супер-контракт миқдори 100 миллион сўм бўлса, абитуриент унга икки баравар — 200 миллион сўм тўлаб талабаликка қабул қилиниши мумкин эди.

Бироқ янги қарори билан мазкур имконият бекор қилинди. Демак, энди 56,7 баллдан паст тўплаган абитуриентлар умуман супер-контракт орқали ҳам талабаликка киролмайди.

Таъкидлаш жоиз, 56,7 балл ва ундан юқори тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт амалда қолмоқда.