Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенеш — ўзини ўзи тарқатиш масаласини муҳокама қилишда янги босқичга ўтди. Конституция ва ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташаббусни кўриб чиқиб, уни мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган депутат Улан Примов икки йил кетма-кет йирик сайловлар ўтказилиши сиёсий барқарорликка хавф солиши мумкинлигини таъкидлади. Унга кўра, 2026 йил ноябрида парламент сайловлари, 2027 йил январда эса президентлик сайловлари бўлиб ўтиши белгиланган.
Примовнинг таъкидлашича, бу каби йирик сиёсий жараёнлар ортиқча молиявий, инсон ва техник ресурсларни талаб қилади. Бу эса сайлов тизимида хатолар ёки қонунбузарликларга олиб келиши мумкин.
«Давлатда барча ҳокимият тармоқлари тўлиқ куч билан ишлаши шарт. Икки йирик сайлов компаниясини кетма-кет ташкил этиш ортиқча юк бўлади», — деди у.
Қўмитадаги муҳокамалардан сўнг ҳужжат мувофиқлаштирувчи кенгашга юборилди. Унда парламентнинг ўзини тарқатишига доир қарор қабул қилиш муддати белгиланиши кутилмоқда.
Бу жараён Қирғизистонда сиёсий жараёнларни тезлаштириши ҳамда янги сайловларга замин яратиши мумкин. Муддатидан олдинги сайловлар эса Конституцияда белгиланганидек, 40–65 кун ичида ўтказилиши лозим.
Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ омбудсмани ва ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Акун Жогорку Кенеш депутатларига очиқ мактуб йўллаб, ўз мандатини охиригача бажаришга чақирган. У парламентнинг ўзини ўзи тарқатиши демократик қадриятлар ва халқ ишончига зарар етказиши мумкинлигини айтган.
«Бу ҳолда сиз парламент сифатида ўзингизни йўқотган ва манқуртлар сифатида тарихда қолиш хавфига дуч келасиз», — дея таъкидлаган Турсунбек Акун.