Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида учинчи марта сохта теракт ҳақида хабар берган эркакка суд ҳукми эълон қилинди. Tengrinews.kz вилоят суди матбуот хизматига таяниб хабар беришича, у бу ишни яна қамоқхонага тушиш мақсадида атайлаб қилган.
Аршалин туман суди террорчилик ҳаракатлари тўғрисида қасддан ёлғон хабар бергани учун илгари икки марта судланган чўпон М.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиққан. 2025 йил август ойида у яна 112 рақамига қўнғироқ қилиб, гўё Остонадаги автовокзалга бомба қўйилганини айтган. Фавқулодда хизматлар воқеа жойига етиб борган, бироқ хабар ўз тасдиғини топмаган.
«Судда М. айбини тан олди ва ўз ҳаракатларини озодликдан маҳрум этиш жойларида бепул овқат ва кийим-кечак билан таъминланиш истаги ҳамда ҳозирда доимий яшаш жойига эга эмаслиги билан изоҳлади», — дейилади хабарда.
Суд эркак илгари ҳам шунга ўхшаш жиноятлар учун жавобгарликка тортилгани, аммо тегишли хулоса чиқармаганини инобатга олди. Унга икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.