«Толибон» Трамп талаби ортидан фавқулодда йиғилиш чақирди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Афғонистондаги Баграм ҳарбий базасини қайтариб олиш зарурлигини айтгач, «Толибон» ҳаракати раҳбарияти бу масала юзасидан фавқулодда йиғилиш чақиришга қарор қилди.

Tolibon

Al Arabiya тарқатган маълумотларга кўра, «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода бошчилигидаги йиғилиш яқин кунларда Кандаҳор шаҳрида ўтказилади. Унда мудофаа вазири Ёқуб Мужоҳид, ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий ҳамда разведка раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Улар бир неча ёпиқ учрашувларда Трамп талабини рад этиш бўйича келишиб олган.

Трамп бу ҳақдаги талабини Буюк Британияга сафари чоғида журналистларга маълум қилганди. Унинг айтишича, АҚШ Баграм устидан назоратни қайтариб олиш бўйича «Толибон»билан музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, Афғонистон розилик бермаса, «ёмон оқибатлар» бўлишидан огоҳлантирган.

Бироқ «Толибон» 21 сентябр куни расмий баёнот чиқариб, Трампнинг талабини қатъиян рад этди. Ҳаракат Афғонистоннинг суверенитети ва мустақиллиги устувор эканини эслатиб, АҚШни Доха келишуви шартларига риоя этишга чақирди. Ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Al Arabiya’га bergan интервюсида: «Биз ўз юртимизнинг бир қаричини ҳам ҳеч кимга бермаймиз», — дея қатъий баёнот берди.

Баграм базаси Кобулнинг шимолида жойлашган бўлиб, АҚШнинг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий иншооти ҳисобланади. У ердан америкалик ҳарбийлар 2021 йил июл ойида, «Толибон» ҳокимиятга қайтишига бир неча ҳафта қолганида чиқиб кетган эди.