Ўзбекистоннинг машҳур актёри, режиссёр, ҳажвий қўшиқлар ва сўз устаси Шерқўзи Ғозиев 75 ёшида вафот этди.
Шерқўзи Ғозиев 1950 йилнинг 8 май куни Фарғона вилояти Бувайда тумани Чиркай қишлоғида туғилган. Тошкент политехника институтининг қурилиш факултетини тамомлаган.
Сўнгра Тошкент маданий оқартув техникумининг режиссёрлик бўлимида 3 йил ўқиган. Шу вақт давомида дўсти Абдуфаттоҳ Саидов иккаласи ҳажвиёт оламида Алиш ва Валиш лақаби билан қизиқчилик қилиб танила бошлаган.
1971 йилда Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрига актёр сифатида ишга таклиф этишади. Шу йили Островский номли институтининг актёрлик бўлимига сиртдан ўқишга кириб, 1976 йили муваффақиятли тугатган. 1970 йилдан «Телеминиатюралар театри»да роллар ижро этишни бошлаган. Санъатга қизиқиш уни Ўзбек давлат филармониясига етаклади ва 1978 йилдан филармонияда ишлай бошлаган.
1990 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида суратга олинган «Чангалзор қироли» филмида зоотехник ролини ижро этган. Шундан сўнг 1992 йилдан «Шерхан» студиясини очиб, ҳиндлар билан ҳамкорликда 2006 йилда «Шерхан тракторчи» кинокомедияси, 2008 йилда, «Ёлғиз эмассан» мелодрама филмларини тасвирга олган.