БМТда Нетаняҳу нутқи оммавий бойкот қилинди

26.09.2025 21:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Исроил бош вазири минбарга чиқиши билан залда узоқ вақт норозилик садолари янгради.

Netanyahu

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу умумсиёсий муҳокамаларда сўзга чиқиш учун минбарга кўтарилганда, айрим делегациялар норозилик белгиси сифатида БМТ Бош Ассамблеяси залини тарк этдилар, дея хабар бермоқда ТАСС.

Нетаняҳу минбарга таклиф этилиши биланоқ дипломатлар ўринларидан туриб, зални оммавий равишда тарк эта бошлаган. Бундан ташқари, бош вазирнинг чиқиши пайтида залда узоқ вақт давомида норозилик овозлари эшитилган. Кетганлар орасида араб мамлакатларининг вакиллари кўпчиликни ташкил этган. Баъзи делегациялар эса Исроил бош вазирининг нутқига умуман келмаган. 2024 йилдаги каби, Нетаняҳу бу сафар ҳам ярим бўш залда нутқ сўзламоқда.

Бундан олдин, АҚШга учиб кетишидан аввал Нетаняҳу Фаластин давлатининг тузилишига йўл қўймаслигини маълум қилган эди.