«Энг китобхон оиладан ижодкор болаларгача» – Сурхондарёда фестивал ғолиблари аниқланди

26.09.2025 08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Термизда китобсеварлар учун фестивал бўлиб ўтди, унда китобхонлик маданиятини ошириш ва ёшларни мутолаага чорлаш мақсад қилинди.

Surxondaryo kitob

Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» мажмуасида аҳоли орасида китобхонлик маданиятини шакллантириш ва мутолаага қизиқишни ошириш мақсадида «Китобхонлик фестивали» ташкил этилди. Тадбир Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят болалар кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Фестивалда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, таълим муассасалари ва болалар кутубхоналари вакиллари, китобсевар ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Байрамона руҳда ўтган тадбирда кўплаб қизиқарли кўрик-танловлар ташкил этилди.

Финал босқичида энг фаол иштирокчилар аниқланиб, турли номинациялар бўйича ғолиблар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Хусусан, «Энг китобхон мактаб», «Энг фаол китобхон ўқувчи», «Ижодкор болалар», «Энг китобхон оила» ҳамда «Энг фаол кутубхоначи» каби йўналишларда ғолиблар аниқланди.

Фестивал давомида куй-қўшиқлар янграб, иштирокчиларга байрамона кайфият улашилди. Тадбирнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири сифатида фестивал эстафетасининг Қашқадарё вилоятига топширилиши бўлди. Шу билан китобхонлик байрами бошқа ҳудудларда ҳам изчил давом этади.

Ташкилотчиларнинг айтишича, бу каби фестиваллар ёшларда китобга меҳр уйғотиш, ота-оналар эътиборини мутолаага қаратиш ва китобхонликни миллий қадрият сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.