Microsoft ОАВ текширувида Исроил ҳарбий бўлинмаси томонидан Фаластин фуқароларининг телефон қўнғироқларини кузатиш учун дастурий таъминот ишлатилгани ҳақидаги дастлабки далиллар тасдиқлангач, мазкур бўлинмага баъзи хизматлардан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда Sky.news хабар берди.
Август ойида The Guardian ва бошқа нашрлар томонидан ўтказилган қўшма текширувда айтилишича, бўлинма Ғазо ва Исроил босиб олган Ғарбий Қирғоқда яшовчи фаластинликларнинг миллионлаб мобил телефон қўнғироқлари ёзувларини сақлаш учун Microsoft’нинг Azure дастурий таъминотидан фойдаланган.
«Биз фуқароларни оммавий кузатишни осонлаштирадиган технологияларни тақдим этмаймиз», – деган Microsoft президенти Бред Смит компания блогида.
Унинг айтишича, IMOD’нинг айрим обуналарини, жумладан, маълум булутли сақлаш ва сунъий интеллект хизматларидан фойдаланишни тўхтатиш ва ўчириш қарори Microsoft’нинг Исроил ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларига кўрсатадиган киберхавфсизлик хизматларига таъсир қилмайди.
Microsoft ва Ғазо
The Guardian нашрига кўра, Microsoft компанияси Ғазо ҳужумлари давомида Исроил мудофаа кучларига (IDF) булутли ҳисоблаш ва сунъий интеллект технологиялари билан фаол ёрдам кўрсатган. (https://azon.global/kr/posts/halqaro-hayot/microsoft-am-gazodagi-urusda-isroil-armiiasiga-erdam-krsatdi-the-guardian)Исроил армияси Microsoft’нинг булутли хизматлари ва сунъий интеллект тизимларига 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлардан кейин янада кўпроқ ишона бошлади.
Ошкор қилинган ҳужжатларга кўра, компания Исроил мудофаа идораси билан муносабатларини чуқурлаштириб, минглаб соатлик техник ёрдамни ўз ичига олган камида 10 миллион долларлик шартномалар тузган. Microsoft IDF’нинг маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаш қувватларига бўлган талабини қондириш учун тезкор қадамлар қўйган.
Тергов The Guardian, 972 Magazine ва Local call нашрларининг ҳамкорлигида ўтказилган бўлиб, Drop Site News томонидан олинган ҳужжатларга ва Исроил мудофаа ва разведка идораларидаги манбалар билан интервьюларга асосланади. Исроил армияси Ғазодаги ҳужумлар чоғида маълумотлар сақлаш ва ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш учун Американинг йирик технология компанияларига мурожаат қилган.