«Ў» билан «у»ни адаштирган банк, Жиззахда қурилаётган АЭСлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги яширган статистика — 26 сентябр дайжести

26.09.2025 22:03 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 26

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,7 фоизга ўсиши кутилмоқда

2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6,7 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилаётгани таъкидланди. Асосий омиллар сифатида кучли ички талаб, иш ҳақи ошиши ва мигрантлар пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши кўрсатилган. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида келтириб ўтди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсган, хизматлар соҳасида эса ўсиш 8,2 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар аҳоли даромадлари ва пул ўтказмалари 28,7 фоизга кўпайиши билан изоҳланди. Шунингдек, озиқ-овқат ва металлургия ишлаб чиқариши кенгайгани қайд этилди. Газ қазиб чиқаришдаги пасайиш эса дунёдаги юқори олтин нархлари билан қопланган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръати бироз секинлашиб, 6 фоиздан 5,2 фоизга тушиши мумкин. Шу билан бирга, диверсификация қилинган ишлаб чиқариш ва хорижий инвестициялар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиб қолиши таъкидланмоқда.

 

«Ипак йўли» банки ребрендинг амалга оширди

Ўзбекистондаги «Ипак йўли» банки 2025 йилдаги иккинчи банк ребрендинги сифатида ўз логотипини янгилади. Банк минималистик услубда янгиланган логотипни тақдим этган. 

Банкнинг янгиланган логотипи ёрқин ранги билан аввалгисига нисбатан тезда эътибор тортади. Бироқ, унда жиддий имло хатоликни кўриш мумкин: банк номидаги «YOʻLI» сўзи «yuli» шаклида ёзилган. Банк эса хатолик билан қилинган ушбу логотипдан аллақачон ўз сайти бошқа ҳужжатларида фойдаланишни бошлаган.

 

Жиззахда 2 та катта ва кичик қувватли АЭСлар қурилади — Жамшид Ходжаев

Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган икки катта атом электр станцияси ва 110 МВт қувватли икки кичик атом электр станцияси қуриш лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ва Россиянинг ҳамкорлигида олиб бориладиган бу лойиҳа мамлакат тарихидаги илк атом электр станцияси бўлиб, янги энергия манбаларини ишлаб чиқариш ва миллий энергетикадаги самарадорликни оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев 25 cентябр куни Москвада бўлиб ўтган Глобал атом форумида маълум қилди.

Лойиҳада ҳар бири 1000 МВт қувватга эга иккита катта реактор ва ҳар бири 55 МВт қувватли икки кичик реактор қуриш кўзда тутилган. Бу комбинацияланган ёндашув 2,1 ГВт асосий қувват ишлаб чиқариш ва манёвр имкониятларини таъминлайди. Шунингдек, кичик модулли реакторлар ва катта реакторлар ўртасидаги интеграцияланган модел ҳам ривожлантирилади.

Лойиҳага кўра, 2025 йил кузда Жиззахдаги кичик АЭС учун котлован қазиш ишлари бошланади. 2026 йилда биринчи бетон қуйиш ишлари бошланиши керак. Ўзбекистон ва Россия атом энергетикаси бўйича халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун МАГАТЭ билан ҳамкорлик қилмоқда.

 

Қашқадарёда 1,5 млрд куб метр ҳажмдаги ерости газ сақлаш омбори қурилади

Қашқадарё вилояти Косон туманида катта газни еростида сақлаш иншооти барпо этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. Энергетика вазирлиги Хитойнинг China National Petroleum Corporation компанияси билан шартнома имзолади, унга кўра, иншоот «Қорабайир» кони негизида қурилади.

Шартнома асосида бошланғич тадқиқотлар амалга оширилганда, «Қорабайир» конининг XII горизонти ГЕСИ қуриш учун энг мақбул объект сифатида тан олинган. Ушбу «Қорабайир» конида режалаштирилаётган ГЕСИда — 1 млрд 500 млн куб метр ҳажмдаги актив табиий газни сақлаш имконияти яратилади.

Вазирлик боғчадаги фожеа кўламини 10 баробар камайтириб кўрсатгани фош бўлди

Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган боғча тарбияланувчилари 1940 нафарни ташкил этмоқда. «Дарё»га кўра, бу рақамлар 26 сентябр соат 10:00 даги ҳолат ҳисобланади. «Овқатдан заҳарлангани айтилаётган 1940 нафар боланинг 1110 нафари шифохонада даволаниб, уйига қайтарилган. 21 нафари ўрта оғир аҳволда қолмоқда. 809 нафари эса енгил аҳволда, ҳолати яхши дейилмоқда», – дейилади хабарда.

Энг қизиғи, куни кеча Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларига воқеа сабаб борган вазирлик расмий муносабатда заҳарланиши оқибатида 109 нафар бола шифохонага ётқизилганини айтган эди. Аммо «Дарё»га кўра, Оққўрғон туманидаги бўғчаларнинг ўзида 413 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланишдан шикоят қилиб шифохонага мурожаат қилган бўлса, Бўка туманида бу кўрсаткич 537 нафарни ташкил қилган.

430 нафар пискентлик бола оғриқдан азият чекиб, шифокорга мурожаат қилган бўлса, Қуйичирчиқ туманидан 64 нафар, Бекобод туманидан 98 нафар, Олмалиқ шаҳридан 285 нафар ҳамда Нурафшон шаҳридан 113 нафар бола туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Яна вазирлик шифохонага ётқизилган болаларнинг саломатлиги барқарор эканини иддао қилган эди. Аммо суруштирув натижалари 21 нафар бола ўрта оғир аҳволда қолаётганини кўрсатган.