Туркия одам савдосида айбланган икки ўзбекистонлик аёлни депортация қилди

26.09.2025 12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Истанбулда қидирувда бўлган икки ўзбекистонлик аёл қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди. Уларга нисбатан одам савдоси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Kollaj

Одам савдосида айбланган икки ўзбекистонлик аёл Туркиядан депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу шахслар Туркия ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ушланган. Қўлга олинганлар — 1962 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Барно Муҳамедова ва 1987 йилда Наманган вилоятида туғилган Нозима Нажмиддинова.

Уларнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон ИИВ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиш сўралди.

Бир неча кун аввал ҳам шу турдаги жиноятда айбланган яна бир ўзбекистонлик аёл Туркиядaн депортация қилинган эди. У 2013–2015 йилларда Бангкок шаҳрида фоҳишахона ташкил этган ва ватандош аёлларни «юқори даромадли иш» ваъдаси билан Қозоғистон орқали Таиландга олиб бориб, фоҳишаликка мажбур қилган гуруҳ таркибида фаолият юритгани айтилган.

Маълумот учун, 2025 йил 19 май куни қабул қилинган қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб, жабрланувчининг шахсий ҳужжатларини яшириш, йўқ қилиш ёки олиб қўйиш билан боғлиқ ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилдан 10 йилгача этиб белгилан. Илгари бу каби жиноятлар учун 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси тайинланган эди.