Озарбойжон халқи ўз ҳарбий тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган 44 кунлик Ватан уруши орқали сўнмас ғалаба сафарбарлигининг беш йиллигини хотирламоқда. Айни 2020 йил кузида Озарбойжон армиясининг ҳар бир ҳарбий хизматчиси — сафдорлардан тортиб олий даражадаги офицерларгача ўз жони ва қони билан 30 йил давомида тақвимни эгаллаган оккупация саналарини Ғалаба кунлари билан алмаштирди.
Меҳрбон ва миннатдор озарбойжон халқи ўзининг мард ва жасур фарзандларининг жасорат, матонат ва фидокорлигини ҳар доим юксак қадрлайди ва муқаддас иш йўлида кўз очиб юмгунча жонини фидо қилган шаҳидларнинг ёрқин хотирасини муқаддас сақлайди.
44 кунлик Ватан уруши — ҳар куни қаҳрамонлик достони бўлган ушбу тарих Озарбойжоннинг ҳарбий салоҳияти, Қуролли кучлар касбий маҳорати ва адолат йўлидаги армиянинг ҳақиқатпарвар курашини намоён этди.
Ғалабали Олий Бош қўмондон Илҳом Алиевнинг 2020 йил 2 декабрдаги фармонига мувофиқ, Ватан уруши бошланган сана — 27 сентябр мамлакат ҳудудий яхлитлиги учун қаҳрамонларча жанг қилиб, жон фидо қилган шаҳидларимиз хотирасига чуқур эҳтиром ифодаси сифатида Хотира куни деб белгиланган.
AzetTAC агентлиги 44 кунлик Ватан урушининг ҳал қилувчи лаҳзаларини, ғурурли армия томонидан ёзилган қаҳрамонлик солномасини ва Буюк Ғалабани таъминлаган асосий омилларни яна бир бор эслатиб ўтди.
«Темир мушт» операцияси
Уруш бошланган биринчи куниёқ Озарбойжон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиев телевидение орқали халққа мурожаат қилиб, Арманистон Қуролли Кучлари томонидан бир нечта йўналишда амалга оширилган ҳарбий провокацияларга жавобан армиянинг кенг кўламли қарши ҳужум операциясини бошлаганини маълум қилди.
«Арманистон — оккупант давлат. Бу оккупацияга барҳам бериш керак ва у барҳам топади. Биз адолат йўлидамиз. Бизнинг ишимиз ҳақ. Биз ғалаба қозонамиз! Қорабоғ — бу бизнинг заминимиз, Қорабоғ — бу Озарбойжондир!» — деди Алиев. Унинг халқка қилган ушбу мурожаати ҳар бир озарбойжонликни ғалабага ишонтирган асосий шиорга айланди.
Қарши ҳужум операциясининг илк соатларидаёқ фронтдан бирин-кетин қувончли хабарлар кела бошлади. Душманнинг мустаҳкамланган олдинги мудофаа чизиғи ёрилиб, Фузулий туманидаги Қорахонбейли, Юқори Абдурраҳмонли, Ҳорадиз ва Гервенд қишлоқлари, Жаброил туманидаги Нузгар ва Буюк Маржонли қишлоқлари ҳамда Оқдара туманидаги муҳим стратегик тепаликлар ва Муровтоғ тоғ тизмасидаги нуқталар озод қилингани ҳақидаги хабар катта шодлик билан қарши олинди.
3 октябр куни Озарбойжон армияси шимолий фронтдаги стратегик аҳамиятга эга Мадагиз қишлоғини озод қилди. Орадан бир кун ўтиб, душмандан Жаброил шаҳри тозаланди, 9 октябр куни эса Ҳадруд шаҳарчаси озод қилинди. Арманистон Қуролли Кучларининг «енгилмаслиги» ҳақидаги афсонани парчалаган қаҳрамон армия 17 октябр куни Фузулий шаҳрига Озарбойжон байроғини тикди, 18 октябр куни эса Худофарин кўпригида мамлакатнинг уч рангли байроғи ҳилпирай бошлади. Икки кун ўтиб — 20 октябр куни Зангилон шаҳри ҳам оккупациядан озод этилди.
25–26 октябрь кунлари армия Зангилан, Жаброил ва Қубадли туманларидаги 17 қишлоқ ҳамда Ғубадли шаҳарини озод қилди. 28 октябрдан 7 ноябргача Озарбойжон армияси 53 та қишлоқ ва бир неча муҳим стратегик тепаликни озод қилиб, кейинги мақсадини — Қорабоғнинг қалби бўлмиш Шуша шаҳрини қайтаришни белгилади. Махсус тайинланган бўлинмалар тоғ ва ўрмонлар орқали юриш қилиб, Шуша тоғларининг тик жарларидан ошиб, шаҳарга бир нечта йўналишлардан кириб боришди. Қаҳрамон армия Шуша операциясини муваффақиятли якунлади ва бу жанговар юриш жаҳон ҳарбий тарихи саҳифаларида муносиб ўринни эгаллади.
Шуша шаҳри озод қилингани ҳақидаги қувончли хабарни Олий Бош Қўмондон Илҳом Алиев 8 ноябр куни эрталаб Шаҳидлар хиёбонида халққа маълум қилди.
Президент улкан фахр билан халқимизни табриклади:
«28 ярим йил оккупация остида бўлган Шуша озод қилинди! Энди Шуша эркин! Биз Шушага қайтдик! Биз бу тарихий ғалабани жанг майдонида қўлга киритдик. 2020 йил 8 ноябр Озарбойжон тарихига абадий зарҳал ҳарфлар билан ёзилади. Бу тарих абадий яшайди. Бу — бизнинг Шонли Ғалаба кунимиз! Биз бу ғалабани жанг майдонида қозондик».
Шуша шаҳрининг озод қилиниши армиямизнинг ғалабаси билан фахрланган халқни руҳлантирди, аммо душман армиясининг иродасини бутунлай синдирди. 9 ноябр куни Озарбойжон армияси яна 71 қишлоқ, 1 шаҳарча ва 8 та стратегик тепаликни душмандан тозалади.
Кучли мағлубият Арманистон ҳукумати ва шахсан Никол Пашинянни таслим бўлиш актини имзолашга мажбур қилди. 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан уч томонлама Баянот имзоланиши билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Унга мувофиқ, 20 ноябр куни Ағдам тумани, 25 ноябр куни Келбажар тумани ва 1 декабр куни Лочин тумани Озарбойжон Қуролли Кучларига топширилди.
Қорабоғда Озарбойжон армияси томонидан олиб борилган муваффақиятли қарши ҳужум операцияси натижасида 27 сентябрдан 9 ноябргача жами 5 та шаҳар, 4 та шаҳарча ва 286 та қишлоқ оккупациядан озод этилди. Бу замонавий ҳарбий тарихдаги ўзига хос ва мислсиз муваффақиятли операциялардан бири бўлди. Арманистон армияси деярли тўлиқ йўқ қилинди, деса бўлади.
Ватан урушида Озарбойжон армиясининг жанг тажрибаси ва тактикасини бугунги кунда дунёдаги ривожланган давлатларнинг ҳарбий мактаблари ўрганмоқда. Махсус замонавий қурол-яроғдан фойдаланган ҳолда 44 кунда амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар давомида миллий армия юксак профессионализм намоён этди. Агар Арманистон армиясида ўн минглаб дезертирлар бўлган бўлса, Озарбойжон армияси сафидан бирорта аскар жанг майдонини тарк этмади.
Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди…
Ватан урушида қозонилган шонли ғалаба озарбойжон халқининг мард фарзандлари қони ва жони эвазига қўлга киритилди. Ватан ҳимоясидаги қонли жангларда ўз ерларини оккупациядан озод қилиш йўлида Озарбойжон Қуролли Кучларининг 2900 нафардан ортиқ аскар ва офицери шаҳидлик мақомига етишди. Шаҳидлар ва ғозийлар қаҳрамонлиги давлат ва халқ томонидан юксак қадрланади. Бутун дунё бўйлаб яшаётган озарбойжонликлар шаҳидлар хотирасини фақат Хотира кунида эмас, балки ҳар доим эъзозлаб эслаб келади.
Озарбойжон Президентининг махсус фармойишида қуйидагича таъкидланган:
«Ерларимиз шаҳидлар, аскар ва офицерлар, ғозийлар қони ва жони эвазига оккупациядан озод қилинди. Бугун бизнинг ғалабали армиямиз ёзган тарих, келгусида янада тез суръатларда ривожланадиган ва гуллаб-яшнайдиган Озарбойжон учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу билан бирга, минтақада барқарор ва узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омилга айланади».
Зафарли Олий Бош қўмондон Илҳом Алиев озарбойжон халқига бу шонли ғалабани тақдим этган мард Озарбойжон армиясининг қаҳрамонлигини юксак баҳолаб, жангларда жасорат кўрсатган ҳарбий хизматчиларни мукофотлаш ҳақидаги фармойишларни имзолади. Илҳом Алиев томонидан 2020–2021 йилларда имзоланган фармойишларга кўра, жами 159 мингдан зиёд Ватан уруши иштирокчиси турли орден ва медаллар билан тақдирланди.
2020 йил 3 декабрда Президент Илҳом Алиев томонидан имзоланган фармойишга мувофиқ, Ватан урушида озарбойжон халқи кўрсатган беқиёс қаҳрамонлик ва у қозонган буюк тарихий Ғалабани асраб-авайлаш, жамоатчиликка намоён этиш, шунингдек, шаҳидларимизнинг муқаддас хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ватан уруши ёдгорлик мажмуаси ва Ғалаба музейи лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошланган. Ўтган йилнинг 8 ноябрида Президент Илҳом Алиев, биринчи хоним Меҳрибон Алиева ва уларнинг ўғли Ҳайдар Алиев Боку шаҳридаги Ғалаба боғи очилиш маросимида иштирок этди.
Пойтахтдаги 8 Ноябр проспектида бунёд этилган Ғалаба боғининг майдони тахминан 10 гектарни ташкил қилади. Парк дарвозасида 44 метр баландликда, 22 метр кенгликда қурилган, 44 та устундан иборат бўлган Ғалаба аркаси қад ростлаган бўлиб, у 44 кунлик Ватан уруши рамзи ҳисобланади.
Ғалаба боғи ён-атрофида 8 ноябр — Ғалаба кунига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган. У мазкур куни ва темирдек мустаҳкам миллий бирлик рамзи сифатида намоён бўлади. Ёдгорлик атрофи Қорабоғ гиламларининг ўзига хос нақши ва гулларини акс эттирувчи яшил майдонлар билан безатилган.
Тарихий ерларни озод қилиш йўлидаги Ғалабага олиб келган йўлни ва Ватан урушида қаҳрамонлик кўрсатган аскарлар, офицерлар ҳамда шаҳидларимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида боғ ҳудудида Ғалаба музейи қурилмоқда. Боғда ҳозирча қурилиш жараёнида бўлган мазкур музейга икки томонлама кириш йўллари назарда тутилган. Музейда ҳар бир шаҳиднинг номи муҳрланади. Бу ерда жойлаштириладиган экспонатлар орқали оккупациядан озод қилинган ерлар учун жанг қилган аскар ва офицерларнинг мардликлари, халқимизнинг иродаси ва қайрат-шижоати намоён этилади.
Ғалаба боғида махсус тематик боғ, каскадли шаршара, Қорабоғ хотира боғи ва кузатув майдончаси барпо этилган. Хотира боғи атрофида дам олиш масканлари ташкил этилган. Боғ охирида Озодлик Байроғи майдони қурилган.
Бутун озарбойжон халқининг Ватан урушида кўрсатган беқиёс жасорати, у қозонган буюк тарихий Зафар, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетнинг тўла тикланиши рамзи сифатида Хонкенди шаҳрида ҳам Ғалаба боғи ва Ғалаба музейи бунёд этиш ишлари давом этмоқда.
Шу йилнинг феврал ойида Илҳом Алиев томонидан Хонкендида Ғалаба боғининг пойдевори қўйилди. Майдони 8,3 гектарни ташкил қилувчи боғ ҳудудида оккупация даврида қурилиш нормаларига зид равишда барпо этилган ёки яроқсиз ҳолатда бўлган бир қанча иншоотлар бузиб ташланди. Парк марказида ғалаба рамзи бўлган Зафар аркаси қурилаётган бўлиб, унинг баландлиги Ватан уруши давом этган 44 кун рамзи сифатида — 44 метр бўлади. Арканинг юқори қисмида шаҳар манзарасини томоша қилиш учун махсус кузатув майдончаси ташкил этилади.
Парк марказидан Зафар аркасигача 44 рамзий тепалик кўтарилади – уларнинг ҳар бирида Ватан уруши кунларида озод қилинган қишлоқ ва шаҳарлар ҳақида маълумотлар акс эттирилади. Ёш болалар, кексалар ва имконияти чекланган фуқароларнинг юқорига чиқиши учун лифтлар ўрнатилади. Лойиҳага кўра, боғда кенг кўламли яшил ҳудудлар яратилади. Мавжуд дарахтлар сақлаб қолинган, шундан ташқари 300 дан ортиқ янги дарахт ва 9 мингдан зиёд турли декоратив буталар экилади.
Ғалабани таъминлаган асосий омиллардан бири — халқ, давлат ва армия жипслиги
Иккинчи Қорабоғ урушида қозонилган ғалабанинг энг муҳим омилларидан бири халқ, давлат ва армиянинг Ватан ерларини озод этиш йўлидаги бирлиги бўлди. Турли мамлакатларда яшаётган ҳамюртлар ҳамда Озарбойжоннинг ҳақ ишларини қўллаб-қувватловчи бошқа миллат вакиллари ҳам арман лоббисининг ифлос кампанияларига қарши фидокорона кураш олиб боришди. Мамлакатимиз фуқаролари, ирқий ва диний мансублигидан қатъи назар, беқиёс ҳамжиҳатлик намоён этишди. Жанг майдонида ҳам, орқа фронтда ҳам мустаҳкам бирлик шаклланди. Бу бирлик ва жипслик ҳақли равишда «Темир мушт» деб баҳоланди.
Мамлакатимиз раҳбарининг улкан сиёсий салоҳияти туфайли дипломатик майдонда ҳам жиддий ютуқларга эришилди. Уруш давомида Президент Илҳом Алиев дунёдаги энг йирик медиа агентликларга 30 дан ортиқ интервю бериб, халқаро ҳамжамиятга можаро ҳақидаги ҳақиқий манзарани етказди. Ахборот уруши йўналишини белгилаб берган бу суҳбатлар миллий матбуот фаолияти учун дастуриламалга айланди. Озарбойжон ОАВлари, хусусан AzerTAC агентлиги, Ватан уруши жараёнини юксак профессионаллик билан ёритиб борди, фронтдан олинган маълумотларни халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига ўз вақтида ва ишончли равишда етказиб турди.
Озарбойжон ғалабадан ғалабага одимламоқда. Ватан урушида қозонилган Ғалабадан сўнг озод қилинган ҳудудларни тиклаш ишлари бошланди. Президент Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева иштирокида озод қилинган Қорабоғ ҳудудларида муҳим инфратузилма объектларининг пойдеворлари қўйилди, йирик лойиҳалар амалга татбиқ этилди.
2022 йилда Хотира куни арафасида яна бир тарихий воқеа юртимизда ғурур ва қувонч ҳисларини уйғотди. Озарбойжон армияси Лочин шаҳрида жойлашди, Забух ва Сус қишлоқлари назоратга олинди. 2022 йил 21 сентябр куни Президент Илҳом Алиев Лочин шаҳрида Озарбойжон байроғини кўтарди.
Ватани урушидаги Ғалабанинг мантиқий давоми: антитеррор операцияси ва сепаратизмнинг тугатилиши
Ватан уруши сўнггида Озарбойжон армиясини янада мустаҳкамлаш бўйича жиддий қадамлар ташланди, касбий коммандос бўлинмалари ташкил этилди. Халқимиз улуғ Ғалабанинг мантиқий давомини кутди, ишонди — Қорабоғдаги сепаратистик режим ва ноқонуний арман қўшинлари тўлиқ бартараф этилади, деб. Ниҳоят, ушбу тарихий палла ҳам келди. 2023 йил 19 сентябрь куни Озарбойжон Қуролли Кучлари ҳудудда маҳаллий аҳамиятга эга антитеррор тадбирларини бошлади. Бир суткадан камроқ вақт ичида душман оғир зарбалардан сўнг таслим бўлиб, Озарбойжон раҳбарияти шартларини қабул қилди. Шу билан мамлакатнинг тўлиқ суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тикланди.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Озарбойжон ҳудудида сепаратизм бутунлай бартараф этилди. Арман қўшинларининг қолдиқлари ва ноқонуний қуролли тузилмалар қуролсизлантирилиб, юртдан чиқарилди. Бутун ҳудудда Озарбойжон Республикасининг конституцион тузуми қайта тикланди.
Ғалабадан сўнг Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда кенг кўламли қурилиш, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бошланди. Окупациядан озод қилинган ҳар бир уй, ҳар бир кўча, ҳар бир маҳалла қайта тикланмоқда. Давлат раҳбарининг фармойишига мувофиқ, ҳар йили 20 сентябр Озарбойжонда Давлат суверенитети куни, шунингдек Хонкенди, Хўжали, Хўжаванд ва Оқдара шаҳарлари куни сифатида нишонланади.
Бундан ташқари, 26 август – Лочин шаҳри куни, 4 октябр – Жаброил, 17 октябр – Фузулий, 20 октябр – Зангилон, 25 октябр – Қубадли, 8 ноябр – Шуша, 20 ноябр – Ағдам, 25 ноябр – Келбажар шаҳарлари куни сифатида нишонланади.
Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва Қорабоғ озодлиги йўлида жонини фидо қилган фарзандлар хотираси бугун халқимиз томонидан муқаддас деб билинади. Уларнинг юртга бўлган муҳаббати биз учун абадий ибрат бўлиб қолади.