БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси 27 сентябр куни ноқонуний фаолиятда иштирок этган компаниялар бўйича янгиланган маълумотлар базасини тақдим этди. Ҳужжатда 158 та компания ноқонуний деб топилган посёлкаларда тўғридан-тўғри иш олиб бориши ёки улардан тижорат фойдаси кўраётгани қайд этилган.
Рўйхатнинг катта қисми исроиллик фирмалардан иборат бўлса-да, унда АҚШ, Канада, Хитой, Франция ва Германияда рўйхатдан ўтган йирик халқаро компаниялар ҳам бор. Улар орасида Airbnb, Booking.com, Expedia ва TripAdvisor каби машҳур сервислар ҳам кўрсатилган.
БМТ ҳисоботида бизнес тузилмалар инсон ҳуқуқлари бузилишларига ҳисса қўшмаслиги шартлиги таъкидланди. Агар компаниялар бу каби ҳуқуқбузарликларга алоқадорлиги аниқланса, уларнинг жавобгарлик олиши ва зарарни камайтириш учун чоралар кўриши лозимлиги қайд этилган.
Охирги марта 2023 йил июн ойида эълон қилинган рўйхатга бу сафар яна 68 та янги компания қўшилди. Шу билан бирга, еттита компания чиқариб ташланган. Улар қаторида Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Opodo ва Испаниянинг eDreams туризм агентликлари бор.
Кўплаб компаниялар Исроилнинг посёлкаларни кенгайтириш сиёсатига боғлиқ қурилиш, кўчмас мулк, кончилик ва карьер қазиш соҳаларида фаолият юритмоқда. БМТ ҳозирда яна 300 дан ортиқ компанияни мониторинг остига олганини маълум қилди.