Архивларга қулф: Россия Сталин қатағонлари ҳақидаги маълумотларни яширмоқда

28.09.2025 13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Россияда тарихчиларга совет даври қатағонлари қурбонлари архив ишлари берилиши тўхтатилди. Энди улар фақат қариндошларигагина очиқ бўлади.

Stalin

Россиянинг бир нечта ҳудудларида совет давридаги сиёсий қатағонлар қурбонларига оид архив ишлари тадқиқотчиларга берилишдан тўхтатилди. Бу ҳақда «Репрессии в Свердловске» канали муаллифи Олег Новоселов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Свердловск областининг Давлат архивида тадқиқотчиларга бундай маълумотлар энди тақдим этилмаслиги айтилган ва қарор Росархивнинг 2025 йил март ойида чиқарилган № 38-сонли буйруғига асосланмоқда.

Бу ҳужжатга кўра, архив материаллари «хизматга оид тарқатилиши чекланган маълумот» сифатида таснифланиши мумкин. Агар улар тарқалиши Россия манфаатларига «потенциал таҳдид» солса, Росархив уларни ёпиш ваколатига эга бўлади.

Шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам тадқиқотчилар шунга ўхшаш тўсиқларга дуч келаётгани хабар қилинмоқда. Масалан, тадқиқотчи Василий Редекоп Росархив, Адлия вазирлиги ва Президент администрациясига мурожаат қилган. У олган жавобларда архив маълумотларини «тарихий воқеаларни бузиб талқин қилиш» ёки «нодўст давлатлар манфаатида қўллаш» хавфидан ҳимоя қилиш зарурлиги қайд этилган.

Президент девонининг хатида таъкидланишича, Росархивга берилган бундай ваколатлар «Россияга нисбатан мислсиз иқтисодий, сиёсий ва ахборот босими, шунингдек, нодўстона давлатларнинг ҳаракатлари» шароитида қабул қилинган.
Новоселов эса бундай амалиёт сиёсий репрессияларни ўрганишни бутунлай имконсиз қилажагини айтади. Унга кўра, бу тақиқ федерал қонунга зид: «Федерал қонун эмас, балки қонуности ҳужжатлари асосида ҳаракат қилиш орқали амалдаги қонун бутунлай тескарига айланиб қолмоқда», — деди у.

Мавжуд қонунга кўра, шахсий ёки оилавий сирларни, шахсий ҳаётга оид маълумотларни ёки хавфсизликка таҳдид солувчи маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларига фақат 75 йилдан кейин очиқ рухсат берилиши мумкин.