«Бўзсув» каналидаги рангли сув доимий муаммоми?

28.09.2025 17:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда «Бўзсув» каналига рангли оқова сув оқизилаётгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. «Бу бугунги муаммо эмас» — «Ўзсувтаъминот» АЖ расмий муносабат билдирди.

Untitled 2

«Бўзсув» каналидаги рангли сувни «Ўзсувтаъминот» АЖ текстил корхоналаридан чиққан бўёқ қолдиқлари дея изоҳлади.

«Ушбу мавзу бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, пойтахтда аҳоли ва маиший чиқиндилардан келаётган сувларни тозаловчи 3 та асосий иншоот мавжуд. Улар биологик усулда тозалаш технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, асосан ошхона, ҳаммом ва ҳожатхоналардан келган сувларни қайта ишлайди. Бироқ кимёвий чиқиндиларни корхоналарнинг ўзида махсус локал иншоотларда тозалаш талаб этилади. Сўнгги йилларда тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан турли кимёвий моддалар ҳамда текстил корхоналаридан чиққан бўёқ қолдиқлари канализацияга аралашмоқда. Бу ҳолат тозалаш иншоотларининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда» — дейилади муносабатда.

Меъёрга кўра, ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхонада кимёвий ташламаларни филтрлаб оладиган локал тозалаш иншооти бўлиши шарт. Аммо уларнинг қурилиши ва эксплуатацияси қимматга тушгани учун айрим корхоналар бу талабни четлаб ўтиб, чиқиндиларни тўғридан-тўғри канализацияга йўналтирмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, «Бўзсув» каналидан олинган тасвирларда кўринаётган рангли сув асосан текстил ишлаб чиқаришдан чиққан бўёқ қолдиқлари ҳисобланади. Биологик тозалаш иншоотлари бу каби ранг ва кимёвий моддаларни ажратиб олишга қодир эмас.

Мутасаддилар барча ишлаб чиқарувчи корхоналарни канализация ёки табиатга зарарли сув чиқаришдан қатъий равишда тийилишга чақирди. Бу каби ҳаракатлар на фақат қонун ва экологик меъёрларга, балки инсонийлик тамойилларига ҳам зид ҳисобланади.