Давлат арбоби Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этди

28.09.2025 23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг йирик давлат арбоби, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида хизмат қилган Исмоил Жўрабеков 94 ёшида оламдан ўтди.

Ismoil jurabekov

Ўзбекистон сиёсий ва ижтимоий ҳаётида ўзининг муносиб изини қолдирган таниқли давлат арбоби Исмоил Ҳакимович Жўрабеков вафот этди.

Бу ҳақда Vaqt.uzʼнинг сув хўжалиги соҳасида ишловчи манбалари хабар қилди. Манбага кўра, И.Жўрабековнинг жанозаси эртага, 29 сентябр куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасида юқори лавозимларда фаолият юритди.

1956 йилдан бошлаб турли масъул вазифаларни бажарди: Паст Дарғом тумани ирригация тизимлари бошқармаси муҳандиси ва раҳбари, «Самарқандсувқурилиш» трести бошлиғи, кейинчалик эса республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлади.

Шунингдек, Жўрабеков Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси, фуқаро муҳофазаси ишлари бўйича вазир, Президентнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган. У, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшди.

Жўрабеков 9–11 чақириқлар даврида Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати этиб сайланган.

Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари, Тожикистоннинг “Дўстий” ордени, собиқ иттифоқнинг “Октябр револцияси”, “Халқлар дўстлиги”, “Меҳнат қизил байроқ” (2 марта) ва “Ҳурмат белгиси” (2 марта) орденлари билан тақдирланган.

Vaqt.uz жамоаси марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.