Йилига 20 млн турист: Ўзбекистон қандай қилиб икки баробар кўпроқ сайёҳ жалб қилмоқчи?

28.09.2025 11:26 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда туризмни 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси тайёрланмоқда. Янги концепция йилига 20 млн туристни жалб этиш ва юқори даромадли сегментга чиқишни мақсад қилади.

Tourism bukhara

Стратегик ислоҳотлар агентлигида «Reformatics» консалтинг компанияси раҳбари Ника Гилаури билан учрашув бўлиб ўтди. Ҳозир мазкур компания билан ҳамкорликда мамлакат туризм салоҳиятини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, экспертлар томонидан меҳмонхоналар ва туроператорлар фаолияти, транспорт инфратузилмаси, виза сиёсати, тарихий ва маданий обидалар, хизмат кўрсатиш сифатининг ҳолати ўрганилди. Ўтган йили Ўзбекистонга 10 млн сайёҳ келган бўлса-да, мавжуд имкониятларга нисбатан бу кўрсаткич паст эканлиги қайд этилди. Шу боис 20 млн сайёҳни жалб қилиш ҳамда юқори даромадли туристик сегментга чиқиш мақсад қилинган.

«Reformatics» мутахассислари 5 та устувор йўналишни тавсия қилди: маданият ва тарихий мерос, гастрономия, «luxury» туризм, кўнгилочар туризм ва инновацион йўналишлар. Бунинг учун хизмат сифатини ошириш, янги маҳсулотлар яратиш, инвесторларни жалб этиш ва самарали маркетинг орқали Ўзбекистоннинг халқаро имижини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори транспорт соҳасида қулайликларни ошириш, айниқса, вилоятлар ўртасида тўғридан тўғри авиапарвозларни кўпайтириш муҳим эканини қайд этди. Шу орқали нафақат хорижий, балки ички туризм ҳам ривожланиши мумкинлигига урғу берилди.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда мавжуд имкониятларни чуқур ўрганиш ва улардан тўлақонли фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида «Reformatics» мутахассислари вилоятларга ташриф буюриши келишиб олинди.

Йиғилиш якунида туризм стратегиясини тасдиқлашга оид Президент фармони лойиҳасини тайёрлаш ва уни жорий йил ноябрда давлат раҳбарига тақдим этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ислоҳотлар юзасидан ҳам тавсиялар муҳокама этилди.