Асад тарафдорлари сайловларда қатнашолмайди

29.09.2025 20:04 | 2 дақиқада ўқилади.

5 октябр куни Сурияда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида золим диктатор, собиқ президент Башар Асад ҳокимияти тарафдорларига на овоз бериш, на номзод бўлиш имкони берилади.

Asad

Сурия собиқ ҳукумати тарафдорлари бўлажак парламент сайловларида номзодларини қўя олмайдилар ва овоз беролмайдилар. Бу ҳақда РИА Новости Сурия Олий сайлов комиссияси аъзоси Ҳасан ад-Дагимга таяниб, маълум қилди.

«Кимки собиқ тузумни қурол, пул ёки фикр билан қўллаб-қувватлаши исботланган бўлса, унга сайловда иштирок этиш, сайланиш ва овоз бериш тақиқланади. Бу Халқ кенгаши аъзоси бўлганлар ёки собиқ тузумни қўллаб-қувватлаган партиялар раҳбариятида бўлганларга ҳам тааллуқли», – деб таъкидлаган ад-Дагим.

Илгари Сурия Олий сайлов комиссияси собиқ президент Башар Асад ҳукмронлиги тугаганидан сўнг мамлакатнинг Халқ кенгашига биринчи сайловлар 5 октябр куни ўтказилишини эълон қилган эди.

Шунингдек, Сурия парламентига бўлажак сайловлар билвосита ўтказилишини – сайлов ҳайъатлари овоз беришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, уларни шакллантиришда 2011 йилдаги сўнгги аҳоли рўйхатига олиш маълумотларига мувофиқ, Сурия жамиятининг хилма-хиллиги инобатга олинган.

Ад-Дагимнинг таъкидлашича, амалда 7-8 минг киши парламентнинг 140 нафар депутатини сайлайди.