28 сентябр, якшанба куни соат маҳаллий вақт билан 18:45 атрофида Белгород шаҳрида бир нечта кучли портлаш содир бўлди. Россия Telegram-каналлари хабарига кўра, Белгород иссиқлик электр централи (ТЭЦ) ва «Луч» электрнимстанцияси номаълум ракета зарбасига учраган. Ҳодисадан сўнг шаҳарда ёппасига электр узилиши рўй берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда портлашдан кейин объектлар устида қора тутун кўтарилаётгани кўринади. Шаҳар аҳолиси электр чироқ нури, сув ва интернет алоқаси йўқолгани, лифтлар ишдан тўхтагани, дўконлар фақат нақд пулда хизмат кўрсатаётгани ёки умуман ёпилганидан шикоят қилмоқда. Жамоат транспорти узилишлар билан ҳаракатланмоқда, кўчаларда чироқ ва светофорлар ишламай қолган.
Маълумотларга кўра, Старий Оскол, Губкин, Шебекино, Чернянка, Короча, Дубовое ва Северний районларида ҳам зулмат кузатилган.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳодисадан бир соат ўтиб инфратузилмага зарба берилганини тасдиқлади. «Электр таъминотида жиддий узилишлар мавжуд. Барча имкониятлар сафарбар этилмоқда. Зарур объектлар захира генерацияга уланди», — деди у.
Шу билан бирга, Гладков аҳолини ракета ва дрон хавфи ҳақидаги огоҳлантиришларда ҳам узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.