Қирғизистон «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темирйўлини қуришни жадаллаштирмоқда
Қирғизистонда «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» халқаро темирйўли қурилиши амалий босқичга ўтди. Вазир ўринбосари Бақит Торобаевнинг маълум қилишича, ҳозирда тоннеллар қазиш, вақтинчалик инфратузилма барпо этиш ва ташкилий ишлар бошланган. Ҳукумат лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаб, унинг экологик ва хавфсизлик жиҳатларига ҳам эътибор қаратмоқда.
Темирйўл маҳаллий компаниялар ва аҳолининг иштирокида қурилиб, юк ташиш ҳажмини ошириши ҳамда минтақада стратегик транспорт йўлагини яратиши кутилмоқда. Шунингдек, иқтисодий зоналар ташкил этиш ва мутахассислар тайёрлаш учун Академия очиш режалаштирилган. Лойиҳа дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида баҳоланмоқда.
Президент меҳнат таътилига чиқди
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 сентябрдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Президент таътилда вақти унинг ваколатлари ҳеч кимга топширилмайди.
Маълумот учун, охирги марта Президент 2025 йил 6 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2025 йил 10 январь санасида меҳнат таътилидан қайтган эди.
Ундан олдин Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 26 июлдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2024 йил 5 август санасида қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган эди.
Ундан аввал эса Президент 2024 йил 22 апрель санасида қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 2024 йил 29 апрель санасида қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган эди.
Бош прокуратура болалар заҳарланиши юзасидан ишчи гуруҳ тузди
Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланиши юзасидан олиб борилаётган тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди. Идора матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда қайд этилишича, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Расмий баёнотда келтирилишича, тергов давомида ушбу ҳудудларда аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилган.
Ҳозирда, тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида.
Сўм минтақада етакчиликни сақлаб қолмоқда
Марказий банк маълумотларига кўра, беш кун ичида сўм 0,8 фоизга кучайган. Шу билан бирга, рубл 0,5 фоизга мустаҳкамланган бўлса, тенге эса 0,3 фоизга қадрсизланишнини бошдан кечирди
Экспертлар таъкидлашича, сўмнинг барқарорлиги ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатининг сақланиши ҳамда ташқи омилларнинг чекланган таъсири билан изоҳланади.
Шу тариқа, минтақавий валюталар орасида сўм ҳозирча етакчи позицияда қолмоқда. Унинг барқарорлиги ички молиявий сиёсатнинг изчиллиги ва бозор омилларининг мувозанати билан таъминланмоқда.
Бўзсув каналини ифлослантириш юзасидан компенсация тўлови белгиланди
Тошкент вилоятидаги Бўзсув каналини канализация сувлари билан ифлослантириш ҳолати бўйича текширув ўтказилиб, жавобгар ташкилотга 1,5 млрд сўм компенсация тўлови ҳисобланди. Дастлабки маълумотларга кўра , «Бўзсув аэрация иншооти» ташламаларидан олинган намуналарда меъёрдан бир неча ўн баробар юқори моддалар аниқланган. Лаборатория хулосаларига кўра, муаллақ заррачалар, аммоний иони, азот нитрити, нефт маҳсулотлари, мис ва темир каби моддалар белгиланган меъёрдан кескин ошган.
Текширув натижаларига кўра, биринчи ташламада аммоний иони 101,9 марта, муаллақ моддалар эса 23,7 марта юқори чиқди. Шунингдек, учинчи ташламада ҳам моддалар меъёридан бир неча марта ошиб кетгани маълум қилинди.
Атроф-муҳитга етказилган зарар ва ифлосланиш оқибатларига қараб, ташкилотдан 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм компенсация пули ундирилиши белгиланди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳолат юзасидан «Тошкент сув таъминоти» АЖга нисбатан Жиноят кодексининг 205 ва 207-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.