Бош прокуратура болалар заҳарланиши юзасидан ишчи гуруҳ тузди

29.09.2025 13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятида болалар оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Бош прокуратура махсус ишчи гуруҳ тузиб, тергов жараёнини ўз назоратига олди.

Zahar

Жорий йилнинг 24 сентябр куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатлари аниқланган. Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. 26 сентябрь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида 1940 нафар боғча боласи заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатдан шикоят билан шифохоналарга мурожаат қилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ва 7 киши қамоққа олингани ҳақида хабар берган эдик.

Тергов иши синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Тергов давомида ушбу аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Прокуратура органлари бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча давлат боғчаларида аутсорсинг шартномалари асосида озиқ-овқат етказиб бериш жараёнларини ҳам ўрганмоқда. Текширув якунида жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, 28 сентябрда 182 нафар бола даволанмоқда, уларнинг аҳволи барқарор, оғир ҳолатдагилар йўқ.