Дастлабки маълумотларга кўра , «Бўзсув аэрация иншооти» ташламаларидан олинган намуналарда меъёрдан бир неча ўн баробар юқори моддалар аниқланган. Лаборатория хулосаларига кўра, муаллақ заррачалар, аммоний иони, азот нитрити, нефт маҳсулотлари, мис ва темир каби моддалар белгиланган меъёрдан кескин ошган.
Текширув натижаларига кўра, биринчи ташламада аммоний иони 101,9 марта, муаллақ моддалар эса 23,7 марта юқори чиқди. Шунингдек, учинчи ташламада ҳам моддалар меъёридан бир неча марта ошиб кетгани маълум қилинди.
Атроф-муҳитга етказилган зарар ва ифлосланиш оқибатларига қараб, ташкилотдан 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм компенсация пули ундирилиши белгиланди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳолат юзасидан «Тошкент сув таъминоти» АЖга нисбатан Жиноят кодексининг 205 ва 207-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ «Ўзсувтаъминот» АЖ «Ушбу мавзу бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Сўнгги йилларда тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан турли кимёвий моддалар ҳамда текстил корхоналаридан чиққан бўёқ қолдиқлари канализацияга аралашмоқда. Бу ҳолат тозалаш иншоотларининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда» — дея муносабат билдирган.